Жамият | 18:40 / 01.05.2022
24603
12 дақиқада ўқилади

Ғубор ортидаги ризқ

Чанг, шовқин, харидорлар инжиқлиги, уст-бошининг аҳволини кўриб ҳатто унга қўл бериб сўрашмаслик. Оила, бола-чақа ҳамда ўз ишига муҳаббат... Ғуборли масканда 20 йиллик масъулият...

Яратган ҳар бир кимсанинг ризқини ҳар ёққа сочиб қўйди. Кимдир амалдор бўлди, ким умрини муҳожирликда ўтказди, яна кимлардир мардикорлик қилиб рўзғор тебратди.

Назиржон Мерганов бундан 20 йил аввал пахта титиш цехида, айни навқирон ёшида иш бошлади. У бу ишга янги келганида ҳали оила қурмаган эди. Танишларининг янги иш жойи чанг ва шовқин эканлиги  ҳақидаги айтган гап-сўзларига қарамай, у айнан шу цехда ишлаб қолди. Сингилларини турмушга узатиш учун аввалига Россияга бориб муҳожирликнинг нонидан татиб ҳам кўрди...

Назир акага энди ўзи ишлаётган цехнинг чанги-ю шовқини бегона эмас. У ҳаммасига кўникди. У энди бу жойда нафақага чиққунича ишламоқчи...

Пахта титиш цехига кўпчиликнинг иши тушади. Эскириб қолган кўрпа-тўшак ичидаги пахтани янгилаш учун Назир ака ишлаётган цехга келишади. У пахтани дастгоҳда қайта ишлаб, момиқ қилиб эгаларига топширади.

“Цех раҳбари билан тасодифан кўришиб қолдим. У менга цехда ишлашни таклиф қилди”

— Ёшим 43 да. Фарғона тумани Водил қишлоғига қарашли Ямбароқ қишлоғидан келиб пахтани қайта ишлаш цехида 20 йилдан бери ишлайман. Цехимиз Фарғона шаҳри марказида жойлашган. Иш жойим уйимиздан 30 км узоқликда. Вақти келса ишхонада ётиб қолиб бўлса ҳам ишлайман. 2 нафар фарзандим бор. Шу ишнинг ортидан рўзғор тебратяпмиз. Албатта, ҳаммаси меҳнатнинг ортидан.

Бундан 20 йил аввал иш топиш жуда қийин эди. Айниқса, шаҳар жойда. Пахта титиш цехига ишчи кераклиги ҳақида эшитиб қолдим. Раҳбари билан тасодифан учрашиб қолдик. У менга цехда ишлашни таклиф қилди. Тайинли иш бўлгани учун ўшандан бери шу ердаман.

Баъзи одамлар иш жойимнинг чангини кўриб саломатликка зарар эканини айтишади. Лекин зарарини билмадим. 20 йилдан бери касал бўлган жойим йўқ. Касал бўлмай ҳам. Шу иш ортидан нон топиб еганим учунми, қилаётган ишимнинг ёмон томони йўқ деб ҳисоблайман.

“Пахта титиш цехида ишлашни хоҳловчилар деярли йўқ. Шунинг учун рақобатчи ҳам йўқ”

— Бу ерда биз корхонага қарашли пахталарни ҳам қайта ишлаб чиқарамиз. Кўрпа-тўшак матрас тайёрлаймиз.

Пахта биринчи навбатда тарозида тортилади. Келинлар сепи, тўйлар учун той пахталар ҳам тайёрлаб берамиз. Бундан ташқари, бўш вақтимиз бўлса аҳолига хизмат кўрсатамиз. Олиб келинган ҳар бир пахта килограмми тарозида тортиб олинади. Пахта устига эгаси исм-фамилияси ва телефон рақамини ёзиб қўйиб тайёр бўлганда телефон қилиб чақирамиз.

Пахта титиш цехи мавсумий иш. Ҳафтада бир кун иш бўлиши мумкин. Вақти келса 6 кунлаб ишлаган кунларимиз ҳам бўлади. Коронавирус пандемияси иш фаолиятимизга катта таъсир қилди. Ишимиз сезиларли даражада камайиб кетди. Хориждан синтепон маҳсулотлари келяпти. Бу ҳам ишимизга таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Аслида синтетик маҳсулот, лекин ўзига яраша қулай ва ноқулай томонлари бор. Ҳозирги кунда келинлар сепига синтепон ишлатиляпти. Шунинг учун ҳам пахтадан қилинган кўрпа-тўшакка талаб аввалгига қараганда камайиб қолди. Лекин пахта табиий маҳсулот. Ўзига яраша мижозига эга. Ризққа яраша ишлаб турибмиз.

Ишбай усулида бизга ҳақ тўланади. Ёз фаслида бир ойда 2 миллиондан кўп пул топаман. Рўзғорда қора қозон қайнаб турибди. Биринчидан, ўз ватанимда ишлаяпман. Топган пулимни ватанимда сарфлаяпман. Хорижга пул ташлаб келмаймиз. Топган пулимиз ўзимизда қолади.

Одамлар уйидан олиб келган пахтанинг 1 килограмми учун 1 200 сўмдан ҳақ оламиз. Ўзимизнинг пахтамизни эса аҳолига килограммини 7 000 сўмдан сотяпмиз. Цехда икки киши – ёши улуғ ака билан бирга ишлаймиз.

Пахта титиш цехида ишлашни хоҳловчилар деярли йўқ. Рақобатчиям йўқ. Ишимни севганим учун ҳам уни ташлаб хорижларга кетмадим.

“Ёшларимиз ишлайман деб келишади. Лекин аксарияти бир кунга бормай кетиб қолишади. Ишлайман деб келган одамлар ҳатто эшикдан киришни хоҳламаган”

— Мавсумда иш кўпайиб кетганида ҳафтада бир марта уйга боришга тўғри келади. Эрта саҳар 4:00-5:00 ларда иш бошлаб шомгача ишлаган вақтларимиз ҳам бўлган. Кучимиз етганича ишлайверамиз. Иш вақти чегараланмаган.

Иссиқ овқат билан таъминланганмиз. Ювиниш учун душимиз бор. Дам олиш хоналаримиз бор. Қилаётган ишимдан нолимайман. Душанбадан шанбагача ҳафтада 6 кун ишлайман. Бундан ташқари, байрам кунлари ҳам дам оламиз.

Ёшларимиз ишлайман деб келишади. Лекин аксарияти бир кунга бормай кетиб қолишади. Ишлайман деб келган одамлар ҳатто эшикдан киришни хоҳламаган. Ишхонамиз чанг бўлгани билан бу нарса бизнинг кўзимизга кўринмайди. Ёз фаслида ичкари иссиқ бўлади. Оғиз ва кўзни беркитиб алоҳида махсус кийимларни кийиб ишлаймиз.

Топган пулим рўзғорга етади. Уй-жой қилдим. Ўғлимга тўй қилдим.

Сингилларни узатиш керак бўлиб қолиб орада укам билан Россияда ишлаб келдик. Муҳожир юртни кўрдик. У ерда ҳам пул топиш осон эмас. Шу нарсага амин бўлдимки, ҳаракат қилса, хорижда топиладиган пулни ўзимизда ҳам топса бўлар экан. Муҳими юртимиз тинч. Шу кунларга етказганича шукр.

“Саломат бўлсам нафақага чиққунча шу цехда ишламоқчиман”

— Ёзёвон туманидан уйланганман. Турмуш ўртоғим билан Наврўз байрамида тасодифан кўчада кўришиб, танишиб қолиб, уйланганман. Кейин иш жойимни суриштиришибди. Пахта титиш цехида ишлашимни эшитишиб эътироз билдиришмади. Раҳматли отам опаларим билан совчиликка боришди. Бир мартада улар ҳам рози бўлишди. Турмуш қурганимизга 17 йил бўлди. Бир ўғил, бир қизим бор.

Яна керак бўлса 10-20 йиллаб шу ерда ишлашга розиман. Абдуфаттоҳ исмли устозим бўларди. 70 ёшгача пахта титиш цехида фаолият олиб борди. Бу ҳазил йил эмас. Биз ҳам чанг ичида ишлаймиз. Пулини оз-кўп демасдан борига қаноат қилиб ишлаяпмиз. Саломат бўлиб турсак нафақага чиққунча шу цехда ишламоқчиман.

“Ўғлим қатори ёш йигитлар келиб қанча пул топишимни сўрашади. Олаётган ойлигимни айтсам, тоға ундан кўра бозорда арава тортсангиз бўлмайдими, кўпроқ пул топасиз, дейишади”

— Ёши улуғ онахон бўларди. Узоқ масофадан туриб қўли билан имлаб чақирарди. Чангга аллергиям бор, ичкарига киришни хоҳламайман, болаларим ҳам бу ерга келишини истамайман. Чунки чангда одам касал бўлади. Қанча пул десаларинг бераман, дейди. Онахоннинг илтимоси билан аравакаш ёллаб хонадонига бориб пахталарини олиб келамиз. Шундай одамлар ҳам бор. Баъзи бировлар эса бу жойда қандай ишлайсиз, бошқа иш қилсангиз бўлмайдими, дейишади. 

Ўғлим қатори ёш йигитлар келиб қанча пул топишимни сўрашади. Олаётган ойлигимни айтсам, тоға ундан кўра бозорда арава тортсангиз бўлмайдими, кўпроқ пул топасиз, дейишади. Дарахт бир жойда кўкаради дейишади-ку, бу ерга келишдан аввал бошқа жойларда ҳам ишлаб кўрганман. Лекин негадир ҳозирги ишлаётган жойим яхши. Энг муҳими тайинли иш.

Рамазон ойи бўлгани учун иш кам. Асосан май ойидан мавсум бошланади. Ноябр ойларига қадар иш қизғин бўлади. Август ва сентябр ойларида иш чўққисига чиқади. Қиш фаслида цехда иш бўлмагани боис бозорга чиқиб юк тушираман. Кунгабоқарни қайта ишлайдиган цехда ишлайман. Қиш ўтгач яна ўз ишимга қайтиб келаман. Цехда иш бўлмаган тақдирда ҳам ҳар куни келаман. Йигит киши ҳаракат қилса, ҳар жойда иш топилади. Яратганга шукр, уйга доим харажат ва пулимиз билан кириб борамиз.

2008 йилда сингилларимни турмушга узатиш, укамни уйлаш ҳамда фарзандимга суннат тўйи қилиш учун Россияга чиқиб келдим. Укам азалдан Россияда ишлагани учун ёнига чақирди. Укам билан биргаликда қурилишда ишладик. У ерда ҳам кам бўлмадик. Пул топдик. Мусофир юртда ишлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор экан. Асосий топган пулингиз ҳужжат, еб-ичиш ва ётоқ жойга кетиб қолар экан. Айтадилар-ку, узоқнинг буғдойидан кўра яқиннинг сомони яхши, деб. Хулоса қилиб, ўзимизнинг ватанимизга қайтиб келиб ишлашга қарор қилдим...

“Кунига миллион сўм берсангиз ҳам ишламайман, деб кетиб қолишади”

— 3-4 йил аввал бир ёш йигит цехимизда ишлаш фикрини билдирди. Бошқа узоқ жойларда ишлаб келган экан. Ишни ўргатдим. Бир кун биз билан ишлади. Кечки пайтга бориб менга бу иш бўлмас экан, соғлигим кўтармай қолди, иситмалаяпман, чанг экан, деб кетиб қолди. Ёшларимиз бу ерда ишлашни хоҳлашмаяпти. Балки бошқа соҳаларда ўзларини синаб кўришмоқчидир.

Яна кимлардир ишлаш истагида келиб ичкарига кирмай эшик тагидан чанг экан, деб кетиб қолади. Кунига миллион сўм берсангиз ҳам ишламайман, дейишади.

“Уст-бошимдаги чангни кўриб сариқ чақага олмайдиган мижозлар ҳам йўқ эмас”

— Иш пайтида ҳар хил ҳолатлар бўлиб туради. Бир куни мижозлардан бири пахта олиб келди. Тугунни очиб қарасам пахта ичида 5 кучук боласи мўлтираб қараб турган экан. Пахта эгаси кучукчалардан бехабар тугунни кўтариб келган экан.

Кунларнинг бирида эса олиб келган пахтадан чаён чиқди.

Мижозлар келиб бировнинг пахтасига аралаштириб юбормайсизларми дейишади. Кўпчилик чанг уст-бошни кўриб менсимайди. Ўзига яраша инжиқ характерга эга одамлар кўплаб келади. Чангни кўриб сизни сариқ чақага олмайдиган мижозлар ҳам йўқ эмас. Мен бу ҳолатга аллақачон кўникиб кетганман. Бу ҳолатларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Агар ўзингизга олсангиз, асабингизга таъсир қилмай қолмайди.

“Келган меҳмонларга сўрашиш учун қўл узатсам орқага тисарилиб ўзларини олиб қочишган. Гоҳида ўксинаман. Барибир ҳар кимда кўнгил бор-ку”

— Бу воқеага 10 йилдан ошди. Цехга 2 нафар назоратчи келди. Қўл узатсам мен билан сўрашишмади. Шу даражада ўзимни камситилган ҳис қилганман. Қўл узатсам орқага тисарилиб, ўзларини олиб қочишган эди ўшанда. Бундай ҳолатлар кўп бўлади. Гоҳида ўксинасиз. Барибир кўнгил бор-ку ҳар кимда.

Уст-бошим чангдир. Лекин чанг қоқсангиз тоза бўлади. Кирни ювсангиз кетади. Ғубор кетади.

Кўпчилик сут-қатиқ маҳсулоти ичишим ҳақида сўрайди. Мен бу маҳсулотни истеъмол қилмайман. Ишдан кейин душ қабул қиламиз, шахсий гигиенага қатъий амал қиламиз. Яратганга шукр, ишдан касаллик орттириб олган жойимиз йўқ. Пандемияда ҳам қаттиқ ишладик. Касаллик юқмади.

***

1999 йили Фарғона Политехника институтига ҳужжат топширганман. Шу йили ўта олмадим. Кейинги йили эса контрактга тушдим. Ўқиш учун оилавий шароитим кўтармади. Олий маълумотли бўлиш армон бўлиб қолган. Ўғлим техника соҳасига қизиқади. Ўғлимни ўқитишга ҳаракат қиламан. Ўзим ўқимаганимга яраша ўғлимни ўқитмоқчиман.

Ўғлимга кўп айтаман. Мени қара, пул топиш учун ҳар қандай ишни қилиб кетишга мажбурман деб. Ўқиганнинг ҳаёти умуман бошқача бўлиши ҳақида унга кўп уқтираман.

Оила аъзоларимни иш жойимга олиб келиб кўрсатганман. Ўғил ва қизим дадамнинг иш жойи шу экан-да, деб қизиқиб кўришган. Иш жараёнида тушган фотони уйга олиб борганимда аёлим бошида ҳайрон бўлган эди. Кейин эса кўникди...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид