Жаҳон | 13:00 / 12.05.2022
5136
3 дақиқада ўқилади

Россияда ўрмон ёнғинлари майдони бир кунда 4 минг гектарга кўпайди

«Авиалесохрана»нинг маълумотларига кўра, ўтган бир кун давомида Россиянинг 17та ҳудудида деярли 17 минг гектар ўрмон ёнган. Курган, Иркутск ва Свердловск областлари, Хабаровск ва Красноярск ўлкалари энг кўп зарар кўрган ҳудудларга айланди.

Фото: ТАСС

Россиянинг «Авиалесохрана» федерал бюджет муассасаси маълумотларига кўра, ўтган бир кун давомида Россияда ўрмон ёнғинларининг умумий майдони 4 минг гектардан ошиб, 16 987 минг гектарга етди

11 май, чоршанба куни соат 24:00 ҳолатига кўра, Россия ҳудудида 155та ўрмон ёнғинлари содир бўлди, энг кўп жабрланган бешта минтақага Курган области (3 791 гектар), Хабаровск ўлкаси (2 384 гектар), Иркутск области (1 875 гектар), Красноярск ўлкаси (1 823 гектар) ва Свердловск области (1 500 гектар) айланди. Умуман олганда, Россиянинг 17 та ҳудудида ўрмон ёнғинлари давом этмоқда.

«Кун давомида Россиянинг 25 минтақасида ўрмон хизматлари ва жалб қилинган шахслар томонидан 9 588 гектар ёнғин билан қопланган майдонда 204та ўрмон ёнғинлари бартараф этилди. 

Калининград, Псков, Киров, Оренбург, Свердловск, Курган, Челябинск, Тюмен, Новосибирск, Иркутск, Кемерово, Омск, Томск, Сахалин, Амур областлари, Бошқирдистон, Хакасия, Бурятия, Олтой, Красноярск, Хабаровск, Приморье, Байкалорти, Перм ўлкалари, Яҳудий автоном округида айрим ёнғин ўчоқлари бартараф этилди», дейилади хабарда. 

Ушбу маълумотларга кўра, ёнғинларга қарши курашга 7,2 минг киши, 1,6 минг дона техника, 69та кузатув ва 24та ёнғинни ўчиришга мўлжалланган самолётлар жалб этилган. 

Сибир ва Уралдаги ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 730та турар жой биноси ёниб кетди. 

Ўрмон ёнғинларидан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардан бири бўлган Красноярск ўлкаси маъмуриятининг маълум қилишича, 7 май куни содир бўлган йирик ёнғин қурбонларининг яна тўрт нафари шифохонада қолмоқда. 

«Барча беморлар тиббиёт ходимлари назоратида. Мутахассислар бир беморнинг аҳволини барқарор оғир, аммо салбий динамика йўқ, деб баҳоламоқда. Уч нафар беморнинг аҳволи ўртача оғирликда, ижобий динамика кузатилмоқда», - дейилади ўлка Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 

Айни пайтда, Тергов қўмитаси Красноярск ўлкасида содир бўлган оммавий ёнғинлар натижасида одамларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатди. Эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келган ва истеъмолчилар ҳаёти ҳамда соғлиғи талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатишда гумон қилиниб, «Россети Сибир» - «Красноярскэнерго» ЁАЖнинг уч нафар ходими қўлга олинди. 

Сибирнинг қатор ҳудудларида 7 май куни кучли шамоллар фонида оммавий ёнғинлар бошланди. Биргина Красноярск ўлкасининг ўзида 60 та аҳоли пунктида ёнғин содир бўлиб, 8 киши ҳалок бўлди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид