16:14 / 14.05.2022
31373

Ўзбекистондаги авиаҳалокатлар: Тўрткўлда Як-40 нега қулаб тушганди?

1999 йил 26 август куни Тошкентдан парвоз қилган Як-40 самолёти Тўрткўл аэропортига қўна олмай ҳалокатга учрайди. Экипаж командири оддий ҳолда хатога йўл қўйиб, ҳалокатга сабабчи бўлади. Орадан бироз ўтиб, Тўрткўл аэропорти ўз фаолиятини тўхтатади.

Ўзбекистон фуқаро авиацияси тарихида йигирмадан ошиқ авиаҳалокатлар рўй берган. Уларнинг асосий қисми собиқ иттифоқ даврида, бир нечтаси мустақиллик йилларида содир бўлган. Мустақиллик йилларида содир бўлган авиаҳалокатлар ҳам собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган эски самолётлар билан рўй берган. Ана шулардан бири 1999 йилда Тўрткўл аэропорти яқинида содир бўлган Як-40 самолётининг ҳалокати ҳисобланади.

Ўшанда Як-40 самолёти учувчилари Тўрткўл аэропортига қўниш чоғида хатога йўл қўяди. Оқибатда самолёт аэропорт чегарасидан чиқиб кетиб, қўшни ҳудудга қулаб тушади. Бу ҳодисада икки нафар йўловчи ҳалок бўлади ва яна бир қанчаси турли даражада тан жароҳатлари олади. Як-40 эса яроқсиз ҳолга келади.

Фото: Pinterest

Як-40 самолётлари

1960 йилда СССР министрлар совети Ил-12 ва Ил-14 самолётлари ўрнига замонавий самолёт ишлаб чиқариш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг Александр Яковлев бошчилигида конструкторлик бюроси янги самолёт лойиҳаси устида ишлай бошлайди. 1964 йилда лойиҳа тайёр бўлади ва унга Як-40 деб ном беришади. 1965 йилда Як-40 нинг илк нусхаси ишлаб чиқарилади. Самолёт синовлардан муваффақиятли ўтади ва уни ишлаб чиқаришга рухсат беришади.

Фото: moscow-post.com

Мазкур самолёт қисқа масофаларга учишга мўлжалланган бўлиб, унинг турли русумлари 27 нафардан 40 нафаргача йўловчи ўрнига эга бўлган. Самолётга 3 нафар экипаж аъзоси ва бир нафар борт кузатувчи хизмат кўрсатган.

Як-40 самолётлари олти минг метр баландликкача кўтарила олган. Унинг максимал тезлиги соатига 546 километрни ташкил этса-да, самолёт парвоз вақтида соатига 300-400 километр тезликда учган. Як-40 ихчам бўлгани учун кичик аэропортларга ҳам бемалол қўна олган.

Як-40 самолётларидан 1966-81-йиллар оралиғида 1 000 донадан ошиқ ишлаб чиқарилган. Мазкур самолёт техник жиҳатдан анча мукаммал бўлгани учун уларнинг бир қисми хорижга ҳам сотилган. Социалистик мамлакатлар билан бирга уни дунёнинг турли қитъаларидаги кўплаб давлатлар ҳам сотиб олган.

Фото: the-ec-way.com

Жумладан, Италия, ГФР, Франция, Швеция каби Европа давлатлари ҳам Як-40 дан фойдаланишган. 1970-йилларда Як-40 нинг нархи турли русумларига қараб 3,5-4 миллион доллар атрофида бўлган.

Як-40 самолётларини ишлаб чиқариш 1981 йилда тўхтатилган. Шундай бўлса-да, айрим давлатларда бу русумдаги самолётлардан турли мақсадларда ҳамон фойдаланишмоқда.

Парвоз ва ҳалокат

1999 йил 26 август куни Тўрткўлда ҳалокатга учраган Як-40 1973 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, Ўзбекистон фуқаро авиациясида 26 йил хизмат қилган эди. Ўша куни эрталаб самолёт 4 нафар экипаж аъзоси ва 29 нафар йўловчи билан Тошкент аэропортидан парвоз қилади. Тўрткўл шаҳрига етиб боргунча Як-40 да ҳеч қандай техник муаммо келиб чиқмайди.

Фото: Avsim.su

Самолёт Тўрткўл аэропортига қўниш чоғида учувчилар учиш-қўниш йўлагига тушишда хатоликка йўл қўйишади. Улар айланиб олишда ва тезликни пасайтиришда мўлжални нотўғри олишади. Оқибатда самолёт учиш-қўниш йўлагидан ўтиб, аэропорт ҳудудидан чиқиб кетади ва қулаб тушади.

Ҳалокат оқибатда икки нафар йўловчи ҳалок бўлади. Яна бир неча йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олади. Як-40 яроқсиз ҳолга келади. Ҳодисадан кўп ўтмай Тўрткўл аэропорти ҳам ўз фаолиятини тўхтатади.  

Расмий хулоса

Як-40 қулаб тушгандан сўнг тузилган махсус комиссия ҳодиса сабабларини ўрганиб, ўз хулосаларини беради. Унга кўра ҳалокатга учувчиларнинг қўниш чоғида мўлжални тўғри ололмагани ва тезликни ўз вақтида пасайтирмагани сабаб бўлгани кўрсатилади.

Самолёт қўниш учун Тўрткўл аэропортига яқинлашганда экипаж командири учиш-қўниш йўлагига мўлжални нотўғри олади. Самолётнинг тезлиги ҳам белгилангандан юқори бўлади. Ҳолат радарда кўриниб турган бўлса-да, диспетчер ҳам унга эътибор бермайди ва учувчиларга 500 метргача пастлашга рухсат беради.

Шундан сўнг экипаж самолёт учиб ўтаётган жойнинг аниқ координаталарини билмаган ҳолда чапга бурилиб, учиш-қўниш йўлаги жойлашган ердан четроққа туша бошлайди. Ўша пайтда самолётнинг тезлиги соатига 170-200 километр ўрнига 250 километр бўлган.

Самолёт 500 метр баландликкача пастлаганида учиш-қўниш йўлагига 4 километр масофа қолганди. Экипаж аъзолари самолётнинг учиш-қўниш йўлагига нисбатан нотўғри йўналишда пастлаётганини кўриб турарди. Ана шу пайтда экипаж командири тепага кўтарилиб, иккинчи марта айлантириб келиш ўрнига самолётни кескин пасайтиришда давом этади.

Бортмеханик ва иккинчи учувчи экипаж командирига самолётни тепага кўтариш ва иккинчи марта айланиб келиб қўнишни маслаҳат беришади. Аммо у ўжарлик қилиб туриб олади ва самолёт пастлашда давом этади.

Самолёт учиш-қўниш йўлагининг бошланиш қисмига етганида соатига 250 километр тезликда ердан 4-7 метр баландликда учаётганди. Шу пайтда учувчи тезликни пасайтиради. Самолётнинг тезлиги соатига 160 километрга тушади. Аммо шунда ҳам белгиланган мўлжалга қўна олмаслиги маълум бўлади.

Самолёт учиш-қўниш йўлагининг бошланиш чегарасидан 965 метр ўтиб кетганидан сўнг экипаж командири тепага кўтарилиб, қайта айланиб келиб қўнишга қарор қилади. Аммо энди кеч бўлганди.

Экипаж командири соатига 160 километр тезликда ер сатҳидан бор-йўғи 4-7 метр баландликда учаётган самолётни тепага кўтаришга улгурмайди. Самолёт учиш-қўниш йўлагидан 2 километр ўтиб кетиб, аэропортга қўшни бўлган ҳудудда аввалига электр тармоқларига сўнг дарахтларга урилиб, қулаб тушади. Сўнг фюзеляж ерда 130 метргача сирпаниб боради ва тепаликка урилиб тўхтайди.

Ҳалокатга учраган бошқа Як-40 самолётлари

Як-40 самолётларидан фойдалана бошлангандан кейин бу турдаги кўплаб самолётлар ҳалокатга учраган. Илк ҳалокат 1970 йил 3 сентябр куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри яқинида, сўнггиси эса 2015 йил 22 август куни Россиянинг Қозон шаҳри яқинида содир бўлган.

Википедия маълумотларига кўра, 1970-2015 йиллар оралиғида турли давлатларга тегишли бўлган 107 та Як-40 самолётлари ҳалокатга учраган.

Улар орасида Ўзбекистон фуқаро авиациясига тегишли бир нечта Як-40 самолётлари ҳам бор. Жумладан, собиқ иттифоқ даврида 1974 йил 14 декабр куни Бухорода, 1987 йил 13 январда Тошкентда Як-40 самолётлари ҳалокатга учраган.

Мустақилликдан кейин эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га қарашли учта Як-40 ҳалокатга учраган. Булар – 199 йил 26 август куни Тўрткўлда, 2003 йил 9 апрел куни Урганчда, 2004 йил 13 январ куни Тошкентда содир бўлган.

Ўзбекистон фуқаро авиациясида содир бўлган Як-40 самолётларининг ҳалокатларига аксарият ҳолларда учувчиларнинг қўпол хатолари сабаб бўлган. Масалан, Тўрткўл ҳамда 2004 йилда Тошкентда содир бўлган ҳалокатлар жуда ўхшаш бўлган. Ҳар иккаласида ҳам учувчилар учиш-қўниш йўлагига тушишда мўлжални нотўғри олишган. Оқибатда ҳар икки ҳолатда ҳам самолётлар аэропорт ҳудудидан чиқиб кетиб, ҳалокатга учраган. 2003 йилда Урганчда ҳалокатга учраган Як-40 нинг эса двигателида носозлик юз берган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top