Жаҳон | 10:00 / 16.05.2022
11947
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда йирик ҳарбий машғулотлар бошланмоқда

Душанба куни Эстонияда НАТОнинг қатор машқлари билан бирга мамлакат мудофаа кучларининг 15 000га яқин ҳарбий хизматчилари ҳамда иттифоқчи ва ҳамкор мамлакатлар ҳарбий хизматчилари иштирокида мудофаа кучларининг энг йирик «Типратикан-2022» машқлари бошланади.

Фото: EPA

«Машқлар давомида мудофаа қўшинларининг жанговар тайёргарлиги ва халқаро таҳдидларга жавоб бериш қобилияти синовдан ўтказилади. Асосий эътибор 2-пиёда аскарлар бригадаси ва Киберқўмондонлик стратегик алоқалар марказининг тайёргарлигини текширишга қаратилади», — дея хабар берди «Интерфакс»га мудофаа кучлари бош штаби матбуот хизмати.

Машқлар 16 майдан 3 июнга қадар бўлиб ўтади ва деярли бутун Эстонияни қамраб олади. Бўлинмаларнинг асосий ҳаракатлари Жанубий Эстонияда ўтказилади, жанговар ўқ отиш машқлари Марказий мудофаа кучлари полигонида ва Сааремаа оролида ташкиллаштирилади. 

«Типратикан-2022»дан ташқари, Эстония ва унинг яқинида бир вақтнинг ўзида яна бир нечта машғулотлар ўтказилмоқда. Латвия Namejs машқларини ташкил қиляпти, унинг доирасида Эстония мудофаа кучлари билан трансчегаравий ҳамкорлик ва қўшма қўмондонлик тартиб-қоидалари ўргатилади. Defender Europe машқлари доирасида АҚШ денгиз пиёда аскарлари Сааремаада эстониялик ҳарбий хизматчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, денгизда ўқ отиш машқлари режалаштирилган. НАТО Шимолий дивизияси штаби Knight Legion машқларини ўтказади. 

«Типратикан-2022» машғулотларида пиёда қўшинлар, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз кучлари, «Кайтселийт» кўнгиллилар қўшини, шунингдек, киберқўмондонлик, қўллаб-қувватлаш қўмондонлиги ва махсус операциялар қўмондонлиги иштирок этади. Бундан ташқари, Эстонияда жойлашган НАТО жанговар гуруҳи бўлинмалари, машғулотлар давомида бу ерга етиб келган иттифоқчиларнинг бўлинмалари ҳам машқларда қатнашади.

Машғулотларда ўн давлатдан 7100 нафарга яқин захирадаги аскар, 2500 нафар ҳарбий хизматга чақирилган аскар, 2000 нафар шартнома асосидаги аскар ва 4200 нафар иттифоқчи аскарлар иштирок этади. Юзлаб техникалар, жумладан зирҳли техникалар, пиёдалар жанговар машиналари, танклар, кемалар, вертолётлар ва самолётлар жалб этилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид