17:01 / 19.05.2022
27416

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 11 100 сўмдан пастга тушди

Ўзбекистонда қаторасига учинчи кун долларнинг расмий курси пастлади. Доллар курси 11 100 сўмдан паст бўлиши сўнгги бор март ойи ўрталарида кузатилганди.

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 20 майда амалда бўладиган қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 42,37 сўмга пастлаб, 11 088, 20 сўмни ташкил қилди. Евро 71,20 сўмга тушиб, 11 642,61 сўм бўлди. Рубль 2,69 сўмга кўтарилиб, 177,91 сўм бўлди.

Бир кун аввал доллар курси 14,64 сўмга пастлаб, 11 130, 57 сўмни ташкил қилганди. Ушбу валюта курси кетма-кет учинчи кун пастламоқда.

Маълумот учун, Россия Украинага бостириб кирган илк ҳафталарда Ўзбекистонда доллар курси барқарорлигини сақлаб турди - 24 феврал куни расмий курс 10 840,28 сўмни ташкил этаётганди. Фақат 15 мартга келиб доллар расмий курси жиддий ўсиб, 11 000 сўмлик нуқтадан ўтди (11 033,03). Шундан кейинги кунларда курс кескинлик билан ўсиб борди - 16 мартда 11 150,12 сўм (+117,09), 17 мартда 11 330,38 сўм (+180,26 ), 18 мартда 11 571,99 сўм (241,61) - бу кўтарилишнинг энг юқори нуқтаси бўлганди. Шундан кейин курс аста-секинлик билан туша бошлади.

Апрел ойи ўрталарида 1 доллар расмий курси 11 300 сўм атрофида эди, апрел ойи охирига келиб Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 11 200 сўмдан пастга тушди.

Top