Ўзбекистон | 11:00 / 19.05.2022
14951
6 дақиқада ўқилади

Қуриган Орол тубидаги келажак: Устюртда газ қандай қазиб олинади?

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ва Устюрт ҳудудида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.

Устюрт Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудини қамраб олган. Минтақа Устюрт платоси ва Орол денгизи қуриган тублигини ўз ичига олади. Бу ҳудудда асосан газконденсат саноат-маҳсулдорлик қатламлари юра даври чўкмалари, айрим ҳолларда палеозой даври чўкмаларига тўғри келади.

Фото: Kun.uz

Пресс-турнинг бошланишида янги қудуқ очилишига гувоҳ бўлдик. Ер қаъридан чиқаётган табиий бойлик қандай қазиб олинишини, жараёнлар қандай олиб борилишини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Қудуқларда бурғилаш ишларини олиб бораётган ходимлардан бири Шерали Авезов касб машаққати ва меҳнат самараси ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, ноқулай об-ҳаво шароитидаги оғир меҳнат қудуқлар ишга тушгандан кейин унутилади. Шерали Авезов бурғилаш ишларини автоматик равишда кузатиб боради. Энг кичик детал ҳам унинг назаридан четда қолмайди.

Фото: Kun.uz

Ўтган давр ичида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида нефть ва газ геология-қидирув ишлари олиб борилган. Натижада 18 та янги майдонлар бурғилаш ишларига киритилган, 183 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилган ва 50 га яқин янги қудуқларда қурилиш билан якунига етказилган.

Умумий қилинган ишлар якунига кўра, 5 та янги - Бесқала, Қуйи Сургил, Оралиқ, Кушқаир, Ғарбий Қуйи Сургил ва Қуйи Шарқий Бердақ газконденсат конлари очилди. 44 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 2,6 млн тоннадан зиёд суюқ углеводород захираларини кўпайтиришга эришилган.

Фото: Kun.uz

Ушбу орқали регионда жами очилган конларнинг сони 25 тага етказилди. Уларнинг умумий захиралари 395,6 млрд куб метр табиий газ, 96 млн тонна нефть ва 14,6 млн тонна газ конденсатини ташкил қилади.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Олим Ўринбоев регионда амалга оширилаётган ишлар, геология қидирув ишларининг бориши ва келажакдаги истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Олим Ўринбоевнинг таъкидлашича, Устюрт региони кам тадқиқ қилинган, аммо захираларга жуда бой ҳудуд ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Сўнгги икки йилда 73 та қудуқ бурғиланди, 123 та қудуқ мукаммал таъмирланди, 10 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди. Натижада эса, қўшимча тарзда 2 319,9 млн куб метр табиий газ ва 54,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

Юқорида таъкидлаб ўтилган геологик-техник чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ва мавжуд қудуқларни самарали ишлатиш натижасида ўтган 2021 йилда бошқарманинг табиий газ ва газ конденсатини қазиб чиқариш режа кўрсаткичлари қуйидагича бўлди:

Табиий газ – 3 873,9 млн куб метр (ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 124,3 фоиз);

Газ конденсати – 53,0 минг тонна (ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100,2 фоиз).

Фото: Kun.uz

Бошқарма 2022 йилда ҳам ўз олдига юксак марраларни қўйган. Жорий йилда 4 696,9 млн куб метр табиий газ ва 65,0 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган.

Бугунги кунда бошқармага қарашли 8 та конларда бир кунда – 13,1 млн куб метр табиий газ (2019 йилга нисбатан 7,9 млн куб метрга кўп) ва 115 тонна газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.

2022 йилнинг январь-апрель ойларида бошқарма томонидан 1 510 млн куб метр табиий газ қазиб чиқарилиб, ўсиш суръати 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 130,6 фоизни ташкил этган.

Углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳисобига 8 та қудуқ бурғиланди, 14 та қудуқ мукаммал таъмирланди, 2 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди. Натижада эса, қўшимча тарзда 126,2 млн куб метр табиий газ ва 2,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

Фото: Kun.uz

Пресс-тур давомида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг бош муҳандиси Зафар Ражабов “Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси” ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг айтишича, 2019 йилда фаолиятини бошлаган ушбу қурилма йилдан йилга ишлаб чиқариш суръатини ошириб бормоқда.

Бошқарма томонидан 2022 йилда жами 74 та геологик-техник чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда 25 та янги газ қудуқларини бурғилашдан ишга тушириш, 44 та мавжуд газ қудуқларида мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишларини олиб бориш ҳамда 5 та технологик объектларни ишга тушириш режалаштирилган.

Юқоридагиларни амалга ошириш натижасида қўшимча 1,14 млрд куб метр табиий газ ҳамда 19,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

Пресс-тур якунида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Олим Ўринбоев геология қидирув жараёни ва бурғилаш ишларида самарадорликни оширишнинг янги усули ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, янги қўлланилаётган усул ёрдамида сарф-харажат ҳам, меҳнат ҳам тежалади. Аммо натижа аввалгиларига қараганда юқорироқ бўлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Устюрт региони ҳудудида нефть ва газ саноатини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш давом этмоқда.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид