09:30 / 25.05.2022
12532

Шимолий Корея бир нечта баллистик ракеталарни учирди 

Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Шимолий Корея ўз қирғоқларидан камида иккита баллистик ракета учирди.

Фото: Getty Images

Шимолий Корея томонидан 25 май, чоршанба куни шарқий қирғоқдан баллистик ракета учирилиши «қабул қилиб бўлмайдиган провокация»дир. Япония мудофаа вазири Нобуо Киси шундай баёнот билан чиқди.

Киси журналистларга берган интервьюсида Шимолий Корея томонидан учирилган илк баллистик ракетанинг 550 км баландликка чиққанига ва тахминан 300 км масофани босиб ўтганига диққат қаратди. Иккинчи ракета 50 км баландликка кўтарилиб, тахминан 750 км масофани босиб ўтди, дея қўшимча қилди у. 

Япония мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Шимолий Корея иккитадан ортиқ ракета учирган бўлиши ҳам мумкин. Ўз навбатида, Жанубий Корея, ўз маълумотларига таяниб, КХДР қирғоқларидан учта ракета учирилганини маълум қилди

Сўнгги ойларда халқаро изоляцияда бўлган ва қаттиқ санкцияларга учраган Шимолий Корея бир қатор ракета синовларини ўтказди. Қўшма Штатлар Пхенян 2017 йилдан бери биринчи марта ядро қуролини ҳам синовдан ўтказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. 

Айни пайтда, АҚШ президенти Жо Байден 22 май куни Японияга ташрифи чоғида Шимолий Кореяда янги қурол синовлари ўтказилишидан хавотирда эмаслигини айтди. «Биз улар қилаётган ҳар бир нарсага қандай муносабатда бўлиш ҳақида ўйлаб кўрдик», деди Қўшма Штатлар етакчиси. 

Top