Жамият | 08:44 / 26.05.2022
40671
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда 58 ёшли эркакни калтаклаган мактаб ўқувчилари ушланди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Чирчиқда мактаб ўқувчилари билан боғлиқ бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби - ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов хабар берди.

21 май куни соат 17:30 лар атрофида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 4-микрорайонда 8-синф ўқувчиси Н.Л. ва Э.А. Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 58 ёшли Р.А.ни калтаклаган. 7-синфда таҳсил олувчи яна бир ўқувчи воқеани видеога ёзиб олган, кейинроқ у ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.

Видеода мактаб ўқувчилари эркакни таъқиб қилгани, сўнг у йиқилганидан кейин ҳам навбатма-навбат муштлаб, юзига тепганини кўриш мумкин. Видеоёзувда ўқувчиларнинг сўкиниши ва кулгисини эшитиш мумкин. Эркак улар деярли 60 ёшли кишига қўл кўтарганини айтади. 

Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, жорий йилнинг 21 май куни Чирчиқ шаҳрида мактаб ўқувчилари безорилик содир этган ҳолати юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «Б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Шахслар ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид