Ўзбекистон | 10:22 / 30.05.2022
19131
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТМлари нега халқаро рейтингларга кира олмаяпти?

QS рейтинг агентлиги расмийсининг қайд этишича, ОТМларда малакали кадрлар етишмаслиги, Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони камлиги, ОТМлар сайтларида чет тилида етарлича маълумотлар берилмаслиги – университет ва институтларнинг топ 1000 талик рўйхатларга киришида муаммо бўлмоқда.

Фото: Kun.uz

QS рейтинг агентлигининг МДҲ бўйича минтақавий директори Сергей Христолюбов Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида ўтган учрашувда ОТМларнинг халқаро рейтингларга кира олмаётганига сабаб бўлаётган камчиликларни санади.

Сергей Христолюбов рейтингда Ўзбекистон миллий университети математика соҳаси бўйича ТОП-500 таликдан ўрин олганини, яна 4 та ОТМ бунга ҳаракат қилаётганини эътироф этган ҳолда ОТМларнинг топ 1000 таликка киришдаги муаммоларига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, рейтингга киришдаги энг катта муаммо – ОТМларда малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ.

“Агар ўзбек ОТМларида халқаро рейтинг агентликлари, Scopus ва Web of Sсience тизимлари билан ишлай оладиган гуруҳлар етарли даражада шакллантирилса, рейтинг кўрсаткичларида сезиларли ўсиш кузатилади.

Иккинчи муаммо эса бевосита олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий мақолаларни чоп этишда нуфузли нашрларни танлаши, тадқиқотлар натижадорлиги ҳамда иқтибослилиги билан боғлиқ. Ушбу муаммо нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларининг барчасида кузатилмоқда. Яъни университетларда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг 10–15 фоизигина нуфузли халқаро нашрларда тадқиқот натижаларини мақола кўринишида эълон қилмоқда”, деди у.

Экспертнинг қайд этишича, Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг сони камлиги ҳам рейтингга киришдаги муаммолардан бири.

“Биз дунё миқёсида талабалар ўртасида сўровнома ўтказганимизда, улар биринчи навбатда университет сайти, иккинчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва учинчи ўриндагина унинг рейтингдаги ўрнига эътибор қаратишларига гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистон ОТМларида эса қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Хусусан, маҳаллий ОТМларнинг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида чет тилларидаги, хусусан инглиз тилидаги маълумот ва янгиликлар етарли эмас. Бу эса ОТМлар ҳақида маълумотга эга бўлмаган хориждаги ўқитувчилар ва талабалар учун маълум даражада тўсиқларни юзага келтирмоқда. Ушбу муаммони бартараф этиш учун Ҳукумат даражасида ОТМларга алоҳида ёрдам кўрсатилиши зарур”, деди QS рейтинг агентлиги расмийси. 

Мавзуга оид