Жаҳон | 09:31 / 01.06.2022
28342
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ялпи ўт очиш реактив тизимларини юборади 

АҚШнинг ўрта масофали ялпи ўт очиш реактив тизимлари украиналикларга жанг майдонидаги нишонларни аниқроқ уришда ёрдам беради, аммо улар Украинадан ташқарида зарба бера олмайди, деди АҚШ президенти Жо Байден.

Фото: Picture Alliance

Вашингтон Украинага чекланган миқдорда ўрта масофага учувчи «илғор ракета тизимлари»ни тақдим қилмоқчи, бу «Украинада жанг майдонидаги асосий нишонларни аниқроқ уриш имконини беради», деди АҚШ президенти Жо Байден The New York Times учун мақоласида. Мақола 1 июнь, чоршанбага ўтар кечаси эълон қилинди.

Шу билан бирга, Байденнинг сўзларига кўра, АҚШ Украинани «ўз чегараларидан ташқарида зарба бериш»га ундамайди ва бунга йўл қўймайди.

Оқ уйнинг юқори мартабали мулозимларидан бири анонимлик шарти билан АҚШ Украинага М142 HIMARS (тезкор артиллерия ракета тизими) мобил ракета қурилмаларини жўнатишини айтган, уларда 80 километр масофагача зарба бериши мумкин бўлган юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ишлатилади. Назарий жиҳатдан, улар юзлаб километр масофадаги нишонларга зарба бера олади, аммо узоқ масофадан отиш учун ўқ-дорилар Украинага етказилмайди.

«Ушбу тизимлар украиналиклар томонидан Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳужумларини қайтариш учун қўлланилади, аммо улар Россияга қарши (унинг ҳудудига қарата) ишлатилмайди», деб таъкидлади амалдор. Ялпи ўт очиш реактив тизимлари Украинага 700 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам траншининг бир қисми бўлади, у шунингдек, вертолётлар, танкка қарши Javelin тизимлари, тактик машиналар, эҳтиёт қисмлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Аввалроқ, 26 май куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатларининг Россия ҳудудига етиб боришга қодир бўлган қурол-яроғлар етказиб бериши «қабул қилиб бўлмайдиган эскалация сари жиддий қадам бўлишини» айтганди. 

Ўз навбатида, Россиянинг Вашингтондаги элчиси Алексей Антонов Украинага АҚШдан узоқ масофали ялпи ўт очиш реактив тизимлари етказиб бериш имкониятидан хавотир билдирди. «Бундай қурилмалар Россия чегаралари яқинида жойлаштирилиши, украиналиклар эса Россия шаҳарларига зарба бериш имкониятига эга бўлиши хавфи бор», — деб ёзди Антонов Россия дипломатик миссиясининг Telegram каналида. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид