Жамият | 13:58 / 01.06.2022
25184
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга бир кунда қанча ноқонуний товар кириб келишини биласизми?

Контрабанда сигареталарнинг тарқалиши

Дўконлар пештахталари ва кўчадаги сотувчиларда акциз маркаси бўлмаган, огоҳлантирувчи ёзувлар ва суратлар туширилмаган, яъни Ўзбекистон бозори учун мўлжалланмаган сигареталарни кундан кунга кўпроқ учратяпмиз. Улар нархига кўра фарқланади: жуда арзон zumeret, covallo, mond, Milano’дан тортиб, қиммат, нархи қонуний маркаларникидан баланд Esse’гача. Статистикага кўра, ноқонуний сигареталар улуши ўтган йилда уч баравар ўсди ва Фарғона вилоятида 30 %га ва бутун мамлакатда қарийб 15 %га етди.

Milano феномени

Энг кенг тарқалган контрабанда сигаретаси Milano’дек жарангли номдаги сигареталар саналади. Уларнинг Италияга умуман алоқаси йўқ. Афтидан, биргина ном билан авраб бўлмаслигини тушунган чоғи, ишлаб чиқарувчи яна қўшимча номлар ҳам қўшади: Лондон, Нью Йорк, Париж. Водийда бу сигареталарни 9000 сўмдан топиш мумкин, пойтахтда 12000 ва ундан қимматроққа сотилади. Контрабанда қутида мамлакатимиз қонунчилигига кўра зарурий саналган ахборот мавжуд эмас, аммо, берилган озгина маълумотдан унинг ишлаб чиқарувчиси Gulbahar Tobacco International эканини аниқлаш мумкин. Бу ишлаб чиқарувчининг сайтига кирамиз ва ноқонуний бизнесга асосланган кўплаб фабрикалар каби у ҳам Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳридаги duty free ҳудудида жойлашганини билиб оламиз. Ишлаб чиқарувчининг сайтига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ноқонуний бозорида мавжуд айни маркалар кўрсатилганини кўрамиз. Бу қуйидагича тарзда ишлайди: сигареталар гўёки экспорт учун эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқарилади, яъни бу товарга акциз ва солиқлар тўланмайди, товар Ўзбекистон бозоридаги қонунчилик талабларига мувофиқ келмаслиги БААда ҳеч кимни қизиқтирмайди. Савдода яна Milano’нинг расмий, яъни керакли огоҳлантирувчи ёзувларга эга қутилари ҳам учрайди. Тўғри, улар 2020 йилда чиқарилган – бундай эски товар аллақачон ўз истеъмол сифатларини йўқотган бўлади. Бундай қутиларда ахборот кўпроқ бўлади ва улардан биламизки, бу сигареталар умуман Дубайда эмас, балки Россияда, Ростов шаҳрида ишлаб чиқарилган. Очиқ манбалардан маълумки, афғонистонлик уч ака-уканинг Ўзбекистондаги бизнеси 90-йилларда сигареталар улгуржи савдосидан бошланган. Кейинроқ 1995 йилда, афтидан фойданинг бир қисмини ишлаб чиқарувчига бериш нега зарур, деган фикрга келганлар шекилли, Дубайдаги эркин иқтисодий зона – Жабал Алида ўзлари сигареталар ишлаб чиқаришни бошлаганлар. Бу ҳудудда кейинчалик Европа, Осиё мамлакатларига ноқонуний жўнатиладиган аксарият сигарета ишлаб чиқаришлари жойлашган. Кейинроқ Россияда, Ростовда ишлаб чиқариш майдончаси очилган. Ишлаб чиқарувчи товар сотиладиган бозор талабларига мувофиқ қадоқ ишлаб чиқиш билан бошини оғритиб ўтирмайди – сигареталар барибир чегарадан контрабанда йўли билан ўтказилгач, бунинг нима кераги бор – ҳатто қутига барча керакли ахборот ёзилганда ҳам, бундан улар қонуний бўлиб қолмайдилар.

Сифат

Сигареталар таркиби қандай? Тегишли органлар томонидан бир неча қути аккредитацияланган лабораторияга текширишга юборилди. Биринчи ва анчайин кутилган хулоса: бу сигареталар Ўзбекистон Республикасининг маркировкалаш, қутидаги ахборот бўйича техник норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмайди. Ўлчовлар натижалари кўрсатишича, қути устидаги, сигарета тутунида мавжуд қатрон ва никотин миқдори ҳақидаги ахборот амалдаги кўрсаткичдан 2-5 баробар кам бўлган. Ноқонуний сигареталар учун технологик жараёнлар ва сифат назорати жараёнлари устида бош қотириш иқтисодий жиҳатдан маънога эга эмас, шу сабабли бундай сигареталар ҳар балога эга бўлиши мумкин – қандайдир тайинлироқ ҳид бериши учун паст сифатли хомашёни хушбўйлагичларга тўйинтириш етарлидир.

Ўзбекистонга йўл

Бу маҳсулот бизнинг бозоримизга қандай кириб келади? Бунинг йўллари бир нечта бўлиши мумкин: товарни чегарагача контейнерларда етказишади, кейин кичик партияларга тақсимлашади ва чегарани “яшил йўлак” орқали, яъни чегара ва божхона назоратининг жиҳозланган пунктларини четлаб босиб ўтадилар. Бундан ташувчилар мустақил фойдаланишлари ҳам, жониворлар, учувчисиз парвоз аппаратларини қўллашлари ҳам мумкин. Битта муаммо – катта миқдорда олиб ўтиш қийин: сигареталар енгил бўлса ҳам, анчайин катта ҳажмли мол. Бошқа усул коррупция аралашувини тақозо қилади. Товар мамлакатга бошқа ҳамроҳ ҳужжатлар билан, масалан, ёғоч материаллари сифатида кириши мумкин. Анчайин илгариланган схема – узилган транзит, бунда товарни мамлакатга транзит режимида, яъни божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мажбурияти билан олиб кирадилар. Бунда товарга ҳамроҳ ҳужжатларга тегишли белги қўйилиши керак бўлади. Белги-ку, қўйилади, лекин юк мамлакат ҳудудини тарк этмайди.

Дистрибуция

Контрабанда сигареталар оддий истеъмолчига етиб бориши учун уларни мамлакат ҳудуди бўйлаб тарқатиш, қаердадир сақлаш, савдо нуқталарига майда партиялар билан етказиш керак бўлади. Бир томондан, бу чегарани ноқонуний кесиб ўтишдек қийин эмас, аммо муайян ташкилий саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Товар тўпланади, майда партияларга тақсимланади, телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали буюртмалар қабул қилинади, шунингдек савдо вакиллари аналоглари ҳам мавжуд – Дамас ноқонуний ассортимент билан тўлдирилади ва савдо нуқталарига тарқатиб чиқилади. Чакана савдо, ўз навбатида, бундай товарни ҳисобга олмайди ва худди шундай ноқонуний сотади.

Натижа меҳнатга арзийдими?

Жавобгарликдан қочиб қутулиб бўлмаслик инобатга олинса, хатарлар ҳар бир босқичда жуда юқори, лекин фойда ҳам яхшигина. Масалан: Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришга мансуб қонуний сигарета қутиси 12 000 сўмдан бошланади. Бунинг 6 000 сўми – акциз ва ҚҚС. Қолган 6 000 – бу хомашё таннархи, материаллар, ишчи кучи, жиҳозлар амортизацияси, ишлаб чиқарувчи ва етказиб бериш занжирининг фойдасидир. Бунинг кўпчилик қисми ҳам ноқонуний ишлаб чиқарувчилар чўнтагида қолади, улар на фойда солиғи, на ижтимоий суғурта фондларига бадал тўлайдилар, арзон хомашёдан фойдаланадилар, технологик жараёнларни назоратга олмайдилар. Яъни қўрқмай тахмин қилиш мумкинки, нарх 10 000 сўм бўлганда, ноқонуний ишлаб чиқарувчининг даромади камида 6000 сўм бўлади. Катта қутида 500 дона қути бўлади, бу 3 млн сўм фойда дегани. Битта фурада 1200 та атрофида қути бўлса, демак, 3,6 млрд сўм. Яъни ҳар бир контейнердан камида 300 минг доллар. Ўзбекистонда эса йилига 100 дан зиёд шундай контейнерлар “сингиб” кетади.

Мавзуга оид