09:36 / 02.06.2022
13597

Еврокомиссия Хорватиянинг евроҳудудга қўшилиши санасини эълон қилди 

Хорватия 2023 йил бошида миллий валюта - кунадан воз кечиб, еврода ҳисоб-китобларга ўтиши кутилмоқда.

Фото: Picture Alliance

Хорватия мамлакатда евро валютасини жорий қилиш талабларига жавоб беради. Бу ҳақда 1 июнь, чоршанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, миллий валюта – Хорватия кунасидан еврога ўтиш 2023 йилнинг 1 январида содир бўлиши керак. Худди шу санада Хорватия Шенген ҳудудига қўшилади. 

Еврокомиссия раҳбарининг таъкидлашича, еврога ўтиш «Хорватия иқтисодиётини мустаҳкамлайди ва фуқаролар, бизнес ҳамда бутун жамият учун фойдали бўлади». Хорватиянинг еврозонага қўшилиши еврони ҳам валюта сифатида мустаҳкамлайди, дея қўшимча қилди фон дер Ляйен. 

Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Брюссел қарорини олқишлади. «Бу мавзу мен учун жуда муҳим, мен молия вазири бўлганимда ҳам у билан шуғулланганман», деди у 1 июнь куни Берлинда Хорватия бош вазири Андрей Пленкович билан учрашувдан сўнг. 

Айни пайтда, Европа Марказий банки (ЕМБ) «кучли молия тизимини кафолатлаш ва узоқ муддатда қарзни камайтириш учун Хорватия ўзининг конъюнктура дастури доирасида режалаштирилган молиявий ислоҳотларни амалга ошириши керак» деб огоҳлантирди. 

Сўнгги бир неча йил ичида Хорватия ягона Европа валютасига ўтиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш устида иш олиб борди. Бугунги кунда еврозона 19 мамлакатдан иборат. Литва 2015 йилда энг сўнгги қўшилган давлатга айланди.

Европа иттифоқига аъзолик шартномаларига мувофиқ, Даниядан ташқари Европа иттифоқи барча давлатлари бунинг учун зарур бўлган мезонларга жавоб бериши биланоқ, еврони валюта сифатида қабул қилиши шарт. Бироқ Европа иттифоқига аъзо бир қанча давлатлар еврони жорий этишга шошилмаяпти. Хусусан, гап Швеция, Полша ва Венгрия ҳақида кетмоқда. 

Европа иттифоқи кенгаши июль ойининг биринчи ярмида Хорватияда еврони жорий этиш бўйича расмий қарор қабул қилиши кутилмоқда. 

Top