Жамият | 11:20 / 06.06.2022
18800
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда архив ҳужжатлари «макулатура»га топшириб юборилди

Тезкор қидирув натижасида 2 660 шартли бирликдаги ҳужжатлар Шароф Рашидов туманидаги чиқинди қоғозларни қайта ишлайдиган корхонадан қайтариб олиб келинган.

Фото: AP Photo / Eckehard Schulz

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти архивига тегишли ҳужжатлар қоғоз чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхона омборида сақланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Ўзархив» агентлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, Жиззах вилояти давлат архиви сақловида бўлган ҳужжатлар ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган. Тезкор қидирув ишлари натижасида 2 660 шартли бирлик ҳужжатлар Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида жойлашган иккиламчи қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш масканидан қайтариб олиб келинган.

Ҳозирда Жиззах вилояти давлат архивида навбатдан ташқари архив ҳужжатлари мавжудлиги ва ҳолатини тўлиқ текшириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, архив биносининг видео кузатув камералари ишчи ҳолатига келтирилган.

Булардан ташқари, мазкур ҳолат бўйича, «Ўзархив» агентлигининг ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти давлат архивида хизмат текшируви ўтказилган. Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича, вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар органлари томонидан текширишлар олиб борилмоқда.

«Ушбу ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар агентлик томонидан тақдим этиб борилади», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид