Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Россияни ғарблик журналистларни қўрқитишда айблади
«Мустақил журналистларни қўрқитишга яққол уриниш» - АҚШда оммавий ахборот воситалари вакилларининг Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганига шундай баҳо берилди.
АҚШ Россияни Москвада ишлаётган америкалик журналистларни қўрқитишга уринишда айблади, улар Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, Ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли «оқибатлар» ҳақида огоҳлантирилди.
«Россия Ташқи ишлар вазирлиги журналистларни чақириб, иқтибос келтираман – «уларга ўз ҳукуматларининг оммавий ахборот воситалари соҳасидаги душманлик чизиғи оқибатларини тушунтирди», деди 6 июнь, душанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс.
«Кремль оммавий ахборот воситалари эркинлигига, маълумот ва ҳақиқатга кенг кўламли ҳужум уюштирмоқда», дея қўшимча қилди у. Прайс «мустақил журналистларни қўрқитишга аниқ ва равшан уриниш»ни қоралади.
Прайсга кўра, журналистларнинг Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан сўнг Ғарбда Россиянинг учта давлат телеканали - Биринчи канал, «Россия-1» ва НТВ тақиқланганига Москванинг жавоби бўлди. Бироқ, дейди Прайс, ғарблик мустақил журналистларни «Россия ҳукуматининг ташвиқот қўли» билан тенглаштириш нотўғри.
Аввалроқ Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Америка расмийларини Россия оммавий ахборот воситаларининг АҚШдаги фаолияти «чекланиши, тақиқланиши ва ҳоказолар» учун «ҳамма нарса қилаётганликда» айблаган эди. «Агар АҚШ ҳудудида Россия оммавий ахборот воситалари, операторлар, журналистлар иши нормаллаштирилмаса, энг қаттиқ жавоб чоралари муқаррар бўлади», - дея ваъда қилди у.
Прайс, ўз навбатида, АҚШ Россия оммавий ахборот воситалари вакилларидан бирорта ҳам ишлаш рухсатномасини қайтариб олмагани ва «малакали» журналистларга визалар беришда давом этишини таъкидлади.