Тошконликлар қачонгача чанг ютиб яшайди?
Булоқбошидаги Қақир маҳалласининг Тошкон кўчасида тош ортган юк машиналари сабаб одамлар чангга ботган ҳолда яшашга мажбур бўляпти. Болалар кўчага ўйнашга чиқолмайди, ҳатто уйлар ичида ҳам чанг: кийимларни ҳар куни кўчага чиқишдан олдин қоқмаса бўлмайди. Масъулларнинг ҳаракатсизлиги тадбиркорларни ҳам зарарга киритяпти.
Андижоннинг Булоқбоши тумани “Қақир” МФЙ Тошкон кўчасида яшовчи фуқаролар бир неча йилдан буён чанг ютиб яшашга мажбур бўляпти. Мурожаатлар – самарасиз. Фермернинг эса зарарлари ҳисобга олинмаяпти.
Тош конидан тошларни ортиб ўтаётган юк машиналаридан чиққан чанг аҳолининг хонадонларигача кириб бормоқда. Бундан ташқари, чанг йўлларни ҳам яроқсиз ҳолга келтирган. Кунига 5-6 марталаб сув сепилмаса, чангдан юриб бўлмай қолади.
Бир кунда маҳалладан ўтадиган мана шундай тош ортилган юк машиналари юздан ортиқни ташкил қилади. Қизиқ жиҳати, аксарият юк машиналарида меъёридан ортиқ тош юкланганини кўриш мумкин. Бу эса маҳалла аҳлига яна бир хавф туғдирмоқда.
Маҳалла фаоли Рустамжон Шерматовнинг айтишича, одамлар болаларини боғчага ҳам олиб бориша олмаяпти.
“300 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўта заҳарли чанг бу. Қуртбоқарлар ва фермерларнинг қурти ўлиб қоляпти. Моллар тут баргларини еб ўлиб қоляпти, бола ташлаб қўйяпти”, – дейди у.
Мактабга қатнайдиган ўқувчилар, ишга борадиган ишчилар ҳар куни кийим бошларини тозалашга мажбур бўлишади. Юк машиналар қатнови туфайли болалар кўчага ўйнагани ҳам чиқиша олмайди. Айниқса, қиш кунларида аҳолига янада қийин бўлади.
Шунингдек, чанг туфайли пахта ва ипак қурти етиштиришда қатор муаммолар юзага келмоқда. Ушбу маҳаллада фермерлик билан шуғулланувчи Сайфиддин Қорашевнинг таъкидлашича, ғўза баргига чанг сабабли касаллик тушган. Бу эса унинг харажатларини икки баробарга оширмоқда.
Нафақат ғалла, балки йўл четидаги тут барги билан боқилган ипак қуртлари ҳам нобуд бўлган ҳолатлар кузатилган. Фермер томонидан етиштирилган бу йилги ипак қурти ҳам уруғлик учун қабул қилинмаган.
“Касод қиворяпти. Дарахтларни қуритиб юбормоқда. Ҳосилга жиддий зарар етмоқда. Бир неча маротаба мурожаат қилдик. Аммо умуман самарасиз бўлмоқда мурожаатларимиз. Чанг ғўза барги устига ўрнашиб олгач, зараркуранда ҳашаротлар кўпаяди. Ҳамма фермер ғўзасини бир марта дориласа, мен ўн марта дори сепишга мажбурман. Прокуратура 2020 йилда 28 миллион зарар кўрганимни тасдиқлаб берган. Бироқ шуни ҳам судга чиқариб ҳал қилиб беришмаяпти”, – дейди Сайфиддин Қорашев.
Мутасаддилар эса куз ойларига йўл қурилиши, тарози қўйилиши ва шу тарозидан ортиқча тош юкланган юк машиналарига жарималар қўлланишини айтмоқда. Бироқ бундай кўп юк билан ҳаракатланаётган юк машиналари фақатгина бу маҳалла аҳли учун эмас, балки бошқа жойларда ҳам хавф туғдиради.
Булоқбоши туман ҳокимининг ўринбосари Рустамлочин Мадраҳимов муаммо кузда ҳал этилишини маълум қилди. Бироқ куз ойларигача маҳалла аҳолиси чанг ютишга, кўчага чиққан боласи келгунча юрак ҳовучлаб ўтиришга мажбур бўладими?
Kun.uz мутасаддиларнинг ваъдаларидан зериккан аҳолини қийнаётган ушбу муаммо тез орада бартараф этилишига умид қилади.
Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
08:42 / 10.12.2023
Оҳак ишлаб чиқариш цехи ва иссиқхона газдан ноқонуний фойдаланиб, 876 млн сўмлик зарар етказди
15:00 / 06.09.2023
Самарқандда халқаро конференция муносабати билан айрим йўллар ҳаракат учун ёпилади
17:17 / 24.08.2023
Йўлларни 822 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган — Сенат
09:22 / 25.07.2023