Ўзбекистон | 07:47 / 13.06.2022
6083
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Санъат экспорти» миллий лойиҳаси жорий этилади 

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Ўзбек халқи миллий қадриятлари, номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва оммалаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • 2022-2026 йилларда номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш давлат дастури;
  • ЮНЕСКО тегишли халқаро рўйхатларига Ўзбекистон ҳудудидаги номоддий маданий меросларни киритиш бўйича тайёрланадиган номзодномалар;
  • номоддий маданий меросни тадқиқ этиш бўйича ташкил этиладиган маҳаллий ва хорижий комплекс этнофольклор экспедициялар рўйхати;
  • номоддий маданий меросни илмий тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича фундаментал ва мақсадли грантлар рўйхати;
  • номоддий маданий мерос намуналарини инновaцион ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда рақамли ҳужжатлаштириш тасдиқланади.

Давлат дастурини амалга ошириш, номоддий маданий мерос элементларини ЮНЕСКО тегишли халқаро рўйхатларига киритиш, комплекс фольклор экспедициялар ташкил этиш, фундаментал ва мақсадли грантлар ҳамда номоддий маданий меросни рақамли ҳужжатлаштиришга доир харажатлар давлат бюджети ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Хорижий давлатларда мамлакат халқ ижодиёти санъатини кенг тарғиб этиш орқали бахши, жиров, оқин ва фольклор-этнографик ансамбллар гастроль сафарларини тизимли амалга ошириш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Санъат экспорти” миллий лойиҳаси жорий этилади.

Бунда қуйидагилар назарда тутилади:

  • бахши, жиров, оқин ва фольклор-этнографик ансамбллар хорижий давлатларда маданий хизмат кўрсатиш сервиси тизими орқали концерт-томоша дастурларини белгиланган тартибда тизимли ташкил этиш;
  • қадриятлар ва урф-одатлар асосида тайёрланган миллий модалар намойиши, ҳунармандчилик кўргазмаларини амалга ошириш;
  • хорижий давлатлардаги ватандошлар томонидан кенг тарғиб этилишини таъминлаш бўйича миллий қадриятлар ва маданиятни ўзида мужассам этган кийимлар ва ҳунармандчилик маҳсулотларини доимий етказиб бериш.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • номоддий маданий меросни доимий ривожлантириш ва тарғиб этиб бориш мақсадида “Тайёрлаш – ўргатиш – ўрганиш – тиклаш – сақлаш – оммалаштириш – сотиш” узлуксиз яхлит тизими асосида кластерлар ташкил этилади;
  • дўмбира, чангқўбиз, сибизға чолғу усталари, каштачилик, ҳунармандчилиги, қорабайир отларини парвариш қилиш ҳамда улар реализация билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;
  • дўппидўзлик ва эгар-жабдуқ ясаш билан шуғулланаётган ҳунармандлар иштирокида 1 йиллик уста-шогирд мактаблари ташкил қилинади ҳамда ушбу мактабни йўлга қўйган усталар учун 1 йил давомида беш баробар базавий ҳисоблаш миқдорида ойлик маош Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан тўланади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид