Жаҳон | 08:25 / 14.06.2022
18725
3 дақиқада ўқилади

«ДХР»да ўлимга ҳукм қилинган марокашликнинг отаси: ўғлимда Украина паспорти бор 

Браҳим Саадун 2020 йилда Украина фуқаролигини олган ва уни ёлланма деб ҳисоблаш мумкин эмас, деди отаси. У ўғлига ҳарбий асир каби муносабатда бўлишни талаб қилмоқда.

Фото: Picture Alliance

«ДХР»да ўлимга ҳукм қилинган марокашлик Браҳим Саадун Украина фуқаролигига эга. Шунга кўра, унга нисбатан ёлланма аскар моддаси бўйича айблов қўйилиши керак эмас. Бу ҳақда йигитнинг отаси Таҳар Саадун маълум қилди, деб ёзади 13 июнь, душанба куни Reuters.

Таҳар Саадуннинг сўзларига кўра, ўғли бир йиллик ҳарбий хизматдан сўнг 2020 йилда Украина фуқаролигини олган. Фуқаролик Киевдаги университетлардан бирида аэрокосмик технологияларни ўрганиш учун керак бўлган. Браҳим асирликка ўз ихтиёри билан таслим бўлган, шунинг учун у Украина қуролли кучларининг бошқа хизматчилари сингари ҳарбий асир мақомига эга бўлиши керак, дея таъкидлайди отаси.

Браҳим Саадун, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши урушида Украина қуролли кучлари томонида қатнашган икки британиялик – Эйден Аслин ва Шон Пиннер 9 июнь куни «ДХР» расмийлари томонидан ёлланма аскар моддаси бўйича отувга ҳукм қилинди. 10 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Россия Пиннер ва Аслинни ҳарбий асир деб ҳисобламаслиги ҳақида баёнот берди. 

Айни пайтда, БМТ «ДХР»да уч нафар хорижлик ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди. «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўзини «Донецк Халқ Республикаси» деб эълон қилган ҳудуд «Олий суди» уч нафар ҳарбий хизматчига нисбатан ўлим жазоси ҳукмини чиқарганидан хавотирда», - дейди ташкилот матбуот котиби Равина Шамдасани. У бу ҳақда 10 июнь куни Женевада журналистларга маълум қилди. 

Шу билан бирга, у «ДХР» ва «ЛХР»да инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига ишора қилди. «2015 йилдан буён биз ўзини мустақил деб эътироф этган субъектларда «одил судловни амалга ошириш» жараёнида адолатли судловнинг муҳим таркибий қисми бўлган кафолатлар: очиқ суд мажлислари, суд мажлисининг мустақиллиги ва холислиги кабиларга эътибор берилмаганини бир неча бор кузатганмиз», - деди Шамдасани. Унинг сўзларига кўра, «ҳарбий асирларга нисбатан бундай суд жараёнлари ҳарбий жиноят ҳисобланади». 

Мавзуга оид