Жаҳон | 13:29 / 17.06.2022
9400
3 дақиқада ўқилади

Ер юзида 36,5 миллион қочқин бола бор - ЮНИСЕФ 

2021 йил охирида ЮНИСЕФ 36,5 миллион қочқин бола борлигини аниқлади. БМТ болалар жамғармаси раҳбари расмийлар вояга етмаган қочқинларнинг таълим олиши ва ҳимояланишини таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Фото: UNICEF

Тўқнашувлар, зўравонликлар ва бошқа инқирозлар натижасида қочқинга айланган болалар сони Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг юқори чўққига чиқди. 17 июнь, жума куни БМТ болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 2021 йил охирида уларнинг сони 36,5 миллион кишини ташкил қилган. 2020 йилга нисбатан бу кўрсаткич 2,2 миллионга ошган. 

Гап хорижда бошпана излаётган 13,7 миллион нафар вояга етмаган қочқинлар, шунингдек, қуролли можаролар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ва ўз мамлакатлари ҳудудида бўлган қарийб 22,8 миллион киши ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, ЮНИСЕФ экспертлари табиий офатлар ва Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида қочқинга айланган болаларни ҳисобга олмаган. Жамғарма ушбу уруш 2 миллиондан ортиқ болани мамлакатни тарк этишга мажбур қилганини ва яна 3 миллион бола давлат ичида бошқа жойга кўчирилганини таъкидлади. 

«Биз фактларни эътиборсиз қолдира олмаймиз: можаролар ва инқирозлар туфайли уй-жойини ташлаб кетган болалар сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда - шунинг учун уларга ёрдам бериш бизнинг масъулиятимиздир», деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел. У «ташвиш берувчи рақам» ҳукуматларни бундай ҳолатларнинг олдини олишга ундаши, шу билан бирга, қочқин болаларнинг таълим, ҳимоя ва « уларнинг фаровонлиги, ривожланишини қўллаб-қувватловчи бошқа муҳим хизматлардан» фойдаланишини таъминлашига умид билдирди. 

Жамғарманинг таъкидлашича, сўнгги 10 йил ичида бутун дунё бўйлаб қочқинлар сони икки баравар кўпайди, бунда болалар умумий соннинг қарийб ярмини ташкил этади. Ушбу тоифадаги болаларнинг учдан бир қисмидан ортиғи (36 фоиз ёки 3,9 миллион) Африканинг Саҳройи Кабирдан жануби-ғарбий қисмида, чорак қисми (25 фоиз ёки 2,6 миллион) Европа ва Марказий Осиёда, яна 1,4 миллион киши ёки 13 фоизи Ўрта Шарқ ҳамда Африка қитъасининг шимолий қисмидаги мамлакатларда истиқомат қилади. 

ЮНИСЕФ иштирокчи-давлатлар расмийларини барча қочқин болалар ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларини, шу жумладан қочқинлар бўйича глобал шартнома ва миграция бўйича глобал шартнома доирасидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди. Жамғарма таъкидлашича, айнан болалар одам савдоси билан боғлиқ тасдиқланган ҳолатларда қурбонларнинг қарийб 34 фоизини ташкил қилади. 

Мавзуга оид