Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 4 июнни Халқаро тажовуз қурбонлари бўлган бегуноҳ болалар куни деб эълон қилди. Ушбу сана 1982 йилда Исроил ҳужумларидан жабр кўрган Фаластин ва Ливан болаларини хотирлаш учун ташкил этилган.

Етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Save the Children ва Швейцариянинг Humanium инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти зиддиятли ҳудудларда болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида мунтазам равишда ҳисоботлар эълон қилади.

ЮНИСEФнинг 2024 йил декабр ойидаги ҳисоботига кўра, дунёда можаро зоналари сони Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даражага етган.

Ҳужжатда «2024 йил ЮНИСEФ тарихидаги қуролли тўқнашувлардаги болалар учун энг ёмон йиллардан бири бўлди» дейилади.

Тахминан 473 миллион бола, яъни бутун дунёдаги барча болаларнинг қарийб 19 фоизи зўравонликдан жабрланган ҳудудларда яшайди.

Humanium ҳисоботига кўра, болалар яшаш ҳуқуқининг энг катта ва энг даҳшатли бузилиши Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида содир бўляпти. Ташкилот Ғазо секторини «ер юзидаги болалар учун энг ҳалокатли жой» деб атади, бир йилдан камроқ вақт ичида 11 300 га яқин болалар ўлими қайд этилган.

Ҳалок бўлганларнинг қарийб 30 фоизи беш ёшгача бўлган болалар, жумладан, 710 нафари бир ёшгача бўлган чақалоқлардир.

Humanium ва Save the Children Исроилнинг ишғоллари, ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари, очлик ва асосий ресурсларнинг етишмаслиги Ғазодаги болаларни ҳар куни ўлим хавфига дучор қилишини ва чуқур руҳий жароҳатларга сабаб бўлаётганини қайд этди.

2024 йил октябр ойида ЮНИСEФ вакили Жеймс Элдер Ғазони «бир миллион бола учун ер юзидаги тирик дўзах» деб таърифлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги фаолиятини молиялаштиришни қисқартириш ва чекловлар жиддий гуманитар инқирозга олиб келди. Исроилнинг Ливанга қилган ҳужумлари болалар хавфсизлигига ҳам таъсир қилди.