Жаҳон | 02:15 / 18.06.2022
43740
7 дақиқада ўқилади

«Битта дарвозага ўйин бўляпти» – Путин Петербург форумида нималар деди?

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида иқтисодий форум ўтказилди. Унда Россия президенти Владимир Путин иштирок этиб, узоқ нутқ сўзлади.

Путиннинг нутқи бир соат кечикиб бошланди. Песковнинг айтишича, форум тизимига DDoS ҳужумлар бўлгани сабаб Путин нутқини кечиктиришга қарор қилган. Ҳужум оқибатида журналистларнинг аккредитацияси билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган.

Қуйида унинг нутқидаги асосий иқтибослар келтирилади.

Фото: РИА Новости

«Америкаликлар ўзини Худонинг ердаги элчиси деб ҳисоблай бошлашди»

Путин нутқи давомида дунёда ортиқ бир томонлама тартиб бўлмаслиги ҳақида гапириб АҚШга ишора қилди: «АҚШ совуқ урушда ғалаба қозонганини эълон қилиб олиб ўзларини гўёки Худонинг Ердаги элчиси деб ҳисоблай бошлашди. Уларда мажбурият йўқ, фақат манфаат бор. Улар охирги ўн йилда дунёда янги марказлар пайдо бўлганини гўёки кўрмаётгандек. Улар ўз мустақиллиги, суверенитетини ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳаммаси аввалгидек бўлади деб ўйлашяпти, бундай бўлмайди. Дунёдаги тартибнинг бир томонлама ўрнатилиши тугади. Ғарбдагилар ўтган аср ўлчовлари билан фикрлаб, қолганларни иккинчи даражали, колониялар деб билишади. Кимдир уларга бўйсунмаса, ҳисобдан чиқаришади.

Халқаро муносабатлар бир томон манфаатлари учун йўналтирилмоқда. Бошқача айтганда «ўйин битта дарвозага бўлмоқда». Россияни яккалаб қўйишнинг эса имкони йўқ. Ҳамон бирга ишламоқчи бўлганлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бизни сайёрадаги аксар одамлар қўллайди, яхшиси уларни санамай қўя қолай», деди Путин.

«Санкциялар кор қилмади»

Россия президентининг айтишича, мамлакатга қарши киритилган санкциялар кор қилмаган: «Иқтисодий блицкриг содир бўлмади, Россия ҳукумати тўғри ишлади, халқимиз барчасини тушуниб ҳаракат қилди, доллар 200 га чиқиб кетади, деган гаплар ўзини оқламади. Инфляцияни жиловладик, имтиёзли ипотекаларни сақлаб қолдик, ҳатто 7 фоизгача туширмоқчимиз. Муҳтож қатламга ёрдам беряпмиз, хуллас санкциялар кор қилмади.

Дунёдаги иқтисодий ҳолат ёмонлашганига бизнинг алоқамиз йўқ, ҳаммасига Европа Иттифоқи ва АҚШ айбдор. Россиянинг «махсус ҳарбий амалиёти» улар учун қутқарувчи вазифасини ўтади, энди ҳамма айбни бизга тўнкашади. Нарх-наво Донбассдаги «операциямиз» бошланишидан анча аввал осмонга чиқиб кетиб бўлганди, ҳали яна кўтарилади ва АҚШ, ЕИ бунга айбдор бўлади. Россиянинг бунга алоқаси йўқ, биз портларни миналаштирганимиз йўқ. Марҳамат, миналарни тозалаб, экспорт қилаверишсин, биз ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилишга тайёрмиз», деди Путин.

Россия президенти Украина портлари миналаштирилганини назарда тутди. Украина портлари Россия томонидан эгаллаб олингани сабаб катта миқдордаги буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қила олмаяпти. Бу борадаги Туркия, БМТ ва бошқа давлатлар воситачилигидаги музокаралар эса самарасиз кечмоқда.

«Бу мажбурий чора бўлди»

Путин нутқи давомида одатдагидек Украинадаги урушни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атади. Шунингдек, «Донбассни қутқариш операцияси» деб ҳам: «Махсус ҳарбий амалиёт»ни ўтказиш бўйича қарорни мажбурликдан қабул қилдик. Амалиётнинг барча мақсадлари сўзсиз бажарилади», деди Путин. Россия президенти бу гапни айтганида залдагилар гулдурос қарсак чалишди.

Фото: РБК

«Уйда хавфсизроқ»

Путин россиялик тадбиркорларни қўллаш керак эканини айтиб, уларга Россияда қолишларини тавсия қилди: «Йирик тадбиркорлар, мулкдорлар ва бошқарувчиларга мурожаат қилмоқчиман. Ҳақиқий муваффақият ўз келажагинг, фарзандларинг келажагини ватан билан боғлаганда келади. Аввал айтганимдек – уйда хавфсизроқ. Россияда қолиб шу ерда инвестиция киритинг. Бу маслаҳатимизга амал қилмаганлар хорижга кетиб миллиардлаб доллар йўқотишди». Путиннинг бу гапини ҳам олқишлар билан кутиб олишди.

Россия президенти мамлакатдаги демографик муаммолар, туғилиш камлиги ҳақида ҳам гапирди. «Россиянинг келажаги икки, уч ва ундан ортиқ фарзандлари бор оилалардир», деди Путин. Унинг айтишича, 2022 йил апрелда 100 мингдан камроқ болалар туғилган. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кам дегани. Путин ҳукумат ушбу демографик муаммо устида ишлаши кераклигини айтди.

«Украина Европа Иттифоқига киришига қарши эмасмиз»

Путин Украина Европа Иттифоқига киришига қарши эмаслигини айтди: «Марҳамат, қўшилишсин, Россия бунга қарши эмас. Бизга муаммо туғдиришмаса бас, Европа Иттифоқи ҳарбий блок эмас. Лекин Украина иқтисодиёти катта дотациялар талаб қилади, шу сабаб у ЕИнинг колониясига айланиб қолиши мумкин. Украина иттифоққа қўшилиш орқали иқтисодини тиклай олмайди, чунки ЕИ рақобатчи яратиш учун пул ажратмайди».

Тўқаевнинг тарихий нутқи

Петербург форумида йирик инвесторлар, катта сиёсатчилар иштирок этмади. Шу сабаб саҳнада Путин, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва бошловчи вазифасини ўтаган Россиянинг асосий пропагандачиларидан бири Маргарита Симонян кўриниш берди.

RT телеканали бош муҳаррири бўлмиш Симонян Тўқаевдан Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёти»га қандай қараши, Қозоғистонда бунга қандай қарашаётгани ҳақида сўради. Қозоғистон етакчиси эса шундай жавоб берди: «Очиғи ҳар хил фикрлар билдирилмоқда, чунки жамиятимиз очиқ, бизда фуқаролик жамияти етилгани яққол кўзга ташланади. Шунинг учун ҳар хил фикрлар билдириляпти.

Мен шуни айтишни истардимки, замонавий халқаро ҳуқуқ бу – БМТ Низомидир. Низомдаги асосий принциплардан иккитаси ҳозирда бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолган. Бу – давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи. БМТнинг барча асосчилари ўз вақтида бунга эътибор қаратишмаган кўринади. Балки атайин қилишгандир, бу иккита принцип ҳозирда бир-бирини инкор қилмоқда.

Фикрлар ҳар хил. Айримлар давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги муқаддас тушунча деб ҳисоблашади, бошқалар эса у ёки бу давлат таркибидаги миллатлар ўз давлатига эга бўлиш ва ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга дейишади. Лекин, умуман олганда, агар миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бутун Ер шарида амалда ишласа, ҳозир БМТ таркибига кирувчи 193та давлат ўрнида 500 ёки 600тадан кўп давлат пайдо бўлади. Албатта, бу хаосни келтириб чиқаради.

Шу сабабли ҳам биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни, на Абхазияни тан оламиз. Шу принцип, бизнинг фикримизча, Луганск ва Донецк каби квазидавлат ҳудудларига ҳам тааллуқлидир. Бу – сизнинг очиқчасига берган саволингизга очиқчасига жавоб», деди Тўқаев бошловчи Симонянга юзланиб.

Мавзуга оид