Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида иқтисодий форум ўтказилди. Унда Россия президенти Владимир Путин иштирок этиб, узоқ нутқ сўзлади.
Путиннинг нутқи бир соат кечикиб бошланди. Песковнинг айтишича, форум тизимига DDoS ҳужумлар бўлгани сабаб Путин нутқини кечиктиришга қарор қилган. Ҳужум оқибатида журналистларнинг аккредитацияси билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган.
Қуйида унинг нутқидаги асосий иқтибослар келтирилади.

«Америкаликлар ўзини Худонинг ердаги элчиси деб ҳисоблай бошлашди»
Путин нутқи давомида дунёда ортиқ бир томонлама тартиб бўлмаслиги ҳақида гапириб АҚШга ишора қилди: «АҚШ совуқ урушда ғалаба қозонганини эълон қилиб олиб ўзларини гўёки Худонинг Ердаги элчиси деб ҳисоблай бошлашди. Уларда мажбурият йўқ, фақат манфаат бор. Улар охирги ўн йилда дунёда янги марказлар пайдо бўлганини гўёки кўрмаётгандек. Улар ўз мустақиллиги, суверенитетини ҳимоя қилишга ҳақли.
Ҳаммаси аввалгидек бўлади деб ўйлашяпти, бундай бўлмайди. Дунёдаги тартибнинг бир томонлама ўрнатилиши тугади. Ғарбдагилар ўтган аср ўлчовлари билан фикрлаб, қолганларни иккинчи даражали, колониялар деб билишади. Кимдир уларга бўйсунмаса, ҳисобдан чиқаришади.
Халқаро муносабатлар бир томон манфаатлари учун йўналтирилмоқда. Бошқача айтганда «ўйин битта дарвозага бўлмоқда». Россияни яккалаб қўйишнинг эса имкони йўқ. Ҳамон бирга ишламоқчи бўлганлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бизни сайёрадаги аксар одамлар қўллайди, яхшиси уларни санамай қўя қолай», деди Путин.
«Санкциялар кор қилмади»
Россия президентининг айтишича, мамлакатга қарши киритилган санкциялар кор қилмаган: «Иқтисодий блицкриг содир бўлмади, Россия ҳукумати тўғри ишлади, халқимиз барчасини тушуниб ҳаракат қилди, доллар 200 га чиқиб кетади, деган гаплар ўзини оқламади. Инфляцияни жиловладик, имтиёзли ипотекаларни сақлаб қолдик, ҳатто 7 фоизгача туширмоқчимиз. Муҳтож қатламга ёрдам беряпмиз, хуллас санкциялар кор қилмади.
Дунёдаги иқтисодий ҳолат ёмонлашганига бизнинг алоқамиз йўқ, ҳаммасига Европа Иттифоқи ва АҚШ айбдор. Россиянинг «махсус ҳарбий амалиёти» улар учун қутқарувчи вазифасини ўтади, энди ҳамма айбни бизга тўнкашади. Нарх-наво Донбассдаги «операциямиз» бошланишидан анча аввал осмонга чиқиб кетиб бўлганди, ҳали яна кўтарилади ва АҚШ, ЕИ бунга айбдор бўлади. Россиянинг бунга алоқаси йўқ, биз портларни миналаштирганимиз йўқ. Марҳамат, миналарни тозалаб, экспорт қилаверишсин, биз ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилишга тайёрмиз», деди Путин.










