Фан-техника | 16:33 / 18.06.2022
52792
8 дақиқада ўқилади

Илмий таржималарсиз ривожланиш бўлмайди

25 май куни минглаб ўқувчилар мактабни битирди, яхши тилаклар билан уларни катта ҳаётга кузатдик. Бир қисмини бинолари янгиланган, ажойиб ахборот-ресурс марказлари бор олийгоҳлар кутиб турибди. Бироқ... Афсуски, уларни дунё даражасидаги сифатли китоблар кутиб тургани йўқ.

100 мингга яқин талабаларимизни ўша-ўша, маънан эскирган китоблар кутиб турибди. Бу аҳволда ривожланиш бўлмайди.

Учинчи ренессанс дедик... Миллий ғоя сифатида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайман, аммо бу иборани уриниш-ҳаракатларсиз ишлатиш унинг меъдага тегиши ва алал-оқибат хонавайрон бўлишига олиб келади. Самара сўзда эмас, амалда. Ривожланиш эса илмсиз бўлмайди, илм эса замон талабига жавоб берадиган китобларда.

Аждодларимиз интернет тугул, босмаҳоналар ҳам йўқ бўлган даврда китобларни таржима қилишни қойиллатишган. Бу борада “Халқ сўзи” газетасида яқинда чиққан бир мақолада ўқиб қолдим:

“Байтул ҳикмада 40 дан ортиқ таржимонлар қадимги юнон тилидан, 14 нафар таржимон санскрит тилидан, 4 нафар таржимон Хитой тилидан илмий, тиббий ва фалсафий асарларни арабчага ўгирган. Бундан ташқари, лотин, сурёний, иброний тиллардан таржимонлар бўлган. Илмий ҳақиқат диний мансубликдан устун қўйилган. Бу асар мажусийларники, буниси кофирларники деб инкор қилинмаган. Аждодларимиз тил ўрганиб, илм ортидан дунёни кезган. Маҳдудлик қобиғига ўралиб қолмаган, турғунлик, маҳаллийчилик уларга ёт бўлган”.

Демак, Ислом Ренессансининг асосида инсон зоти учун фойдали илмларнинг кенг қабул қилиниши ва асарларнинг оммавий равишда таржимаси ётган экан. Аждодларимиз қийинчиликларга қарамай 50 дан ортиқ таржимонларни бир жойга йиғиб, уларни жаҳоннинг энг муҳим асарларини таржима қилиш ишига йўналтирган эканлар. Кейинчалик ушбу асарлар Ғарбга қайта экспорт қилиниб, Оксфорд ва Кембриж каби университетларда дарслик сифатида ўқитилган. Улар ушбу асарларни ўрганиб, улар асосида ўзларининг янги асарларини ёзишган ва ёзишмоқда – илмни ривожлантиришган.

Биздачи, 21 аср келиб, ресурс ва имкониятимиз борлигига қарамай:

  • ҳалигача бундай илмий таржимонлик институти ташкил этилгани йўқ,
  • ҳалигача миллатимиз фарзандлари учун Ғарб ва Шарқнинг энг муҳим илмий дарсликлари она тилимизда тақдим этилгани йўқ, 100га яқин давлат университети, ўнлаб тадқиқот институтлари мавжудлигига қарамай, олий ва ўрта таълим босқичидаги 800 мингдан зиёд талабалар учун энг керакли дарслик ва қўлланмалар тизимли равишда таржима қилинмаяпти.

Натижада Ўзбекистонда олий таълим олаётган ёшлар маънан эскирган китобларни ўқишяпти, эски қобиққа ўралиб қолишяпти.

Бунинг ачинарли натижасини тан олайлик.

Бир мисол – илм даргоҳларимизда рус тилида таълим оладиган ва ўзбек тилида таълим оладиган ёшлар ўртасида фарқ катта!

Рус тили гуруҳларида талабаларнинг фикрлашлари теран, жонли, ўзлари ташаббускор, миллий гуруҳлардагилар эса тор қобиққа ўралган, жонсиз, юрагида чўғи йўқ. Ваҳоланки улар университет таълимини деярли тенг илмий даражада бошлашади (аслида миллий гуруҳлар кириш баллари юқорилиги учун кучлироқ бўлишади).

Сабаби оддий: рус тили гуруҳидагилар Россия ва Қозоғистон каби қўшни давлатларда чоп этилган, нисбатан сифатли дарсликлар ва рус тилидаги бой интернет маълумотларига миллий гуруҳлардан кўра очиқ бўлишади, уларни кўп ўқишади. Яъни миллий гуруҳлардаги талабалар (асосий контингент) ўқийдиган китоблардан кўра кўп ва ўта бой манбалардан фойдалангани сабабли рус тили гуруҳларидаги талабаларнинг даражаси ҳам табиий равишда юқори бўлади, давлат тилида таълим олаётган университет талабалари қўшимча манбалар билан ишлашда жуда қийналишади.

Мен учун шахсан бу аламли ҳолат… Масъуллар бунга ҳамон бепарво.

Дунё тажрибаси қандай?

Таниқли ҳамюртимиз, математик олим Эркинжон Каримов, ўзиниг “Марифат” газетасида чиққан мақоласида қуйидагиларни айтган:

“2013 йилда Хитойда илмий сафарда бўлдим. Университет талабаларининг қўлида хитой тилида ёзилган, дунё бўйича тан олинган дарслик, монографияларни кўриб дастлаб ҳайрон бўлдим. Шунча китобни (аксарияти 600–700 бетли) таржима қилиб чиқишга қанча ресурс сарфланганини тасаввур қилдим. Бундай таржималар натижасида хитой тили ҳам илмий терминларга бойигани шубҳасиз. Асосийси, чет тилларини яхши ўзлаштирмаган талабаларда ҳам сифатли контент билан ўз тилида танишиш имконияти борлигидир”.

Ечим нимада?

Умумий ечим – “дунёдан ўрганиш” режимига ўтишимиз лозим. Ўзбекистон таълим тизими етти ухлаб тушига кирмаган бой илмий контент таржимасини кутиб ётибди. Биз чет элдан тўхтовсиз ичкарига билим ташишимиз даркор.

Қилиниши керак бўлган ҳаракатлар:

1) Илмий адабиётлар таржимаси миллий дастурини жорий этиш керак. Унга ҳар бир соҳадан 2 нафардан жами 100 нафар мутахассисни ишга ёллаб, 3-5-8 йиллик дастурлар доирасида камида 1000 та китоб таржимаси лойиҳасини амалга ошириш керак. Айниқса, тиббиёт, геология, физика, биология, химия каби аниқ фан соҳаларига алоҳида эътибор бериш керак.

2) Ҳозиргача бўлган тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, яхши бир китобнинг хориж нашриётидан интеллектуал мулк ҳуқуқини сотиб олиб, бир неча минг нусхада чоп этишга кўпи билан 10 000 АҚШ доллари кетади. Аниқ фанларга доир китоблар учун кўпроқ маблағ талаб этилиши ҳам мумкин. Демак, 10-20 миллион АҚШ доллари эвазига бундай лойиҳани амалга оширса бўлади.

3) Ҳозирда фан тили – инглиз тили, шу сабабли илмий мақолалар, монографиялар, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг аксарияти инглиз тилидадир. Шунингдек, француз, немис ва рус тилларида ҳам илмий контент кўп. Соҳа мутахассислари ва чет элдаги олим ватандошлар билан ҳамкорликда 1-2 ой ичида керакли китоблар рўйхатини осонлик билан шакллантириш мумкин. Кейин эса таржимага енг шимариш лозим.

4) Инглизча – Ўзбекча, Немисча -Ўзбекча, Японча – Ўзбекча, Французча – Ўзбекча катта луғатларни энг янги ва кенг қамровли кўринишда тузиб чиқиш лозим. Ҳозир бундай луғатлар деярли йўқ. Бунга узоғи билан бир-икки йил сарфлаш керак. Ҳамда тез ва сифатли ишлаш керак.

Агар иш тизимли ташкил қилинса, 8 йил ичида 1000 китобни бемалол она тилимизда ўқишга муяссар бўламиз. Бу илм-фан ривожини кескин кучайтириб юборишига аминман.

Ечим бўлмайдиган ечимлар

Қуйидаги услубни қўллагандан қўлламаган афзал:

Тегишли вазирликлар университетларга бир томонлама буйруқ беришади, “китоб таржима қилинглар” деб, бу услуб ишламаган ва ишламайди ҳам. Сабаби оддий: иши шундоқ ҳам кўп профессор-ўқитувчиларнинг бундай ишларга тоқати ҳам, имкони ҳам ва баъзан қобилияти ҳам йўқ. Университет ректорларида ҳеч қандай моддий ва логистик имконият йўқ бунга.

Алоҳида дастур керак.

Дастур доирасида таржимага жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларга керакли таътил ва тақдирлашлар жорий қилинмоғи керак. Ҳар бир китоб учун масъул таржимон-профессорга 6-8 ойлик таътиллар бериш лозим.

Қайта таъкидлайман – барчасини университетлар ва кафедраларга ташлаб қўйиш – катта масъулиятсизлик.

Олий таълим вазирлиги, Инновациялар ва бошқа тегишли вазирликлар бу борада дунёдаги машҳур нашриётлар билан умумий катта шартномалар тузиб, лицензияларни олиш ва керакли сонда юртимизда нашр этилиб чиқарилиши бўйича барча ишларни ташкиллаштириши лозим.

Сўнгсўз ўрнида

Бир пайтлар юртимизда содир этилган Ренессанс нимага таянганини билдик. Уни такрорламоқчи бўлсак, хусусан ўша – бир пайтлар қилинган иш – китоблар таржимасидан бошлашимиз керак.

Бу – умуммиллий вазифа.

Олий таълим вазири роппа-роса бир йил олдин аниқ фан соҳалари бўйича китобларни таржима қилиш масаласини кўтариб чиққанди. Аммо ундан кейин аниқ бир ҳаракат, лойиҳа ишлаб чиқилмади. Умид қиламанки, берилган ваъда бир катта лойиҳага айланади. Акс ҳолда сифатсиз кадр чиқаришда давом этамиз.

Алишер Умирдинов,

Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети профессори,
ҳуқуқ фанлари доктори

Мавзуга оид