Ўзбекистон | 16:14 / 20.06.2022
27383
4 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов “Толибон” билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Кобулда Афғонистон Ислом Амирлиги бош вазирининг ўринбосарлари, шунингдек ички ва ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказди.

Фото: twitter.com/Hafiz Zia Ahmad

Кеча, 19 июл куни Кобулга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов ва президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистон ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий билан учрашув ўтказди.

Афғонистон томони ахборотига кўра, ўзбек расмийлари “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси Амир Хон Муттақийни Ўзбекистонда бўладиган халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилган.

Фото: twitter.com/Hafiz Zia Ahmad
Фото: twitter.com/Hafiz Zia Ahmad

Учрашувда асосий эътибор икки қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий ва транзит соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Муттақий Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган халқаро конференцияда иштирок этишга ва унинг доирасида тегишли идоралар билан иқтисодий алоқаларни муҳокама қилишга ваъда берган.

“Ўзбекистон Афғонистон билан собиқ ҳукумат қулаганидан кейин ҳам сиёсий ва иқтисодий алоқаларини сақлаб қолган мамлакатдир. Ислом Амирлиги билан ҳамкорлик эса бутун дунё минтақа давлатлари манфаатига хизмат қилади”, – дея толиблар вазирининг сўзларини келтирмоқда маҳаллий нашрлар.

Шунингдек, Комилов бошчилигидаги делегация “Толибон” бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Мулла Абдулғани Биродар билан ҳам учрашув ўтказган.

Фото: twitter.com/ARG Palace
Фото: twitter.com/ARG Palace

Биродар Комиловни янги лавозим билан табриклаб, Ўзбекистон иложи борича Афғонистонда бошлаган электр энергетика, авиация ва темир йўл соҳасида бошлаган лойиҳаларини тугатиши кераклигини таъкидлаган.

Бош вазирнинг яна бир ўринбосари Абдуссалом Ҳанафий эса ўзаро учрашувда Ўзбекистон делегациясига юборилаётган гуманитар ёрдамлар учун миннатдорчилик билдирилган ҳамда ўзаро алоқаларни янада яхшилашга умид билдирган.

Фото: twitter.com/ARG Palace
Фото: twitter.com/ARG Palace

Бундан ташқари, ўзбек делегацияси Афғонистон Ислом Амирлиги Ички ишлар вазири Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашув ўтказган.

Учрашув аввалида Ҳаққоний Комиловни илгари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида Афғонистон учун қилган саъй-ҳаракатларига миннатдорчилик билдирган ва янги лавозимга тайинлангани билан табриклаган.

Фото: Ministry of Interior Affairs- Afghanistan

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Абдулазиз Комилов “Толибон” ички ишлар вазирини Термиз – Мозори-Шариф – Кобул темир йўли лойиҳасини амалга оширишда хавфсизликка алоҳида эътибор қаратишга чақирган.

Фото: twitter.com/ARG Palace

Ўз навбатида, Сирожиддин Ҳаққоний Афғонистон хавфсизлик кучлари барча миллий лойиҳалар, айниқса Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган темир йўл ва электр тармоқлари қурилиши лойиҳаларининг хавфсизлиги таъминрланишини билдирган.

Шунингдек, у толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб, мамлакатда тинчлик ўрната олганини таъкидлаган; қўшни давлатлар учун чегараларда хавфсизликни таъминлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга эканига урғу берган.

Фото: twitter.com/ARG Palace
Фото: twitter.com/ARG Palace
Фото: twitter.com/Hafiz Zia Ahmad
Фото: twitter.com /ARG Palace

Мавзуга оид