Асир тушган америкаликлар Донецкда. Улар ҳақида нималар маълум?
21 июн тонгида Россия давлат нашрлари асирга тушган икки америкалик - Александр Дрюке ва Энди Ҳюн Донецкда сақланаётгани ҳақида хабар тарқатди. Бу шуни англатадики, улар ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР»да рухсат этилган ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин - ёлланган ҳолда урушда иштирок этишгани учун.
Алабамаликлар
Александр Дрюке - 39 ёшда, Энди Ҳюн - 27 ёш. Улар Американинг Алабама штатидаги икки шаҳарчадан.
Уларнинг иккиси ҳам армияда хизмат қилган. Дрюке Ироқда, 2008-2009 йиллардаги ҳарбий кампанияда иштирок этган. Ҳюн - денгиз пиёдаси, Донбассга сафаригача унинг қуролли низолардаги иштироки бўйича ҳеч нарса маълум эмас.
Британиянинг Telegraph нашрига унинг онаси Луиза ҳикоя қилишича, Дрюке жароҳатдан кейинги стресс синдромидан азият чеккан, шу туфайли унда ишда муаммолар бўлган. У уйланмаган, фарзандлари ҳам йўқ.
Хюн 2018 йили хизматдан бўшаган, афтидан, унинг армиядан кейинги ишлари нисбатан яхшироқ кечган. У севгилисини Америкада қолдирган, 2022 йил апрелида Украинага сафар харажатлари учун ўз ёнидан 6 минг доллар тўлаган.
Юзга қарши ўн
Дрюке ва Ҳюн айнан қачон Украинада хизматга киргани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шуниси маълумки, улар жангчиларнинг аксар қисми Франция ва АҚШга мансуб бўлганлардан иборат отрядга қўшилган. Натижада бу отряд «Багет» интернационал номини олган.
Кейинги воқеалар ривожини «Багет» отрядининг твиттердаги хабарлари ва Telegraph ҳамда Америкадаги қатор нашр мухбирлари билан сўзлашган Дрюке ва Ҳюннинг сафдошларининг сўзларидан билиш мумкин.
6 июндан 12 июнга қадар бўлган даврда (аниқ санани айтиш ҳозирча имконсиз) - отряднинг бир қанча жангчилари Харкив областида бўлишган ва нотўғри разведка маълумотлари туфайли оғир вазиятга тушиб қолишган. Улар вазият тинч бўлган аҳоли пунктига боришларини кутишган (унинг номи келтирилмаган), аммо маълум бўлишича, айни шу вақтда бу посёлка Россия армияси томонидан штурм қилинган.
Ўн нафар жангчи тахминан юз нафар россиялик аскар қаршисида қолишган, улар икки танк ҳамроҳлигида ҳужум бошлаган. Машиналардан бири минага тушган, америкаликларнинг озодликда қолган сафдошларидан бири ҳикоя қилишича, саросима бошланган чоғда уларнинг иккиси ҳам ғойиб бўлган.
Кейинроқ разведка ва дронлар орқали уларни топишга уринишган, аммо жангчилар ҳам, уларнинг буюмлари ҳам топилмаган.
15 июн куни бу воқеалар ҳақида Telegraph саҳифаларида пайдо бўлди ва «Багет»нинг твиттердаги саҳифаси отряднинг икки жангчиси бедарак йўқолганини тасдиқлади.
Кўп ўтмай бу маълумот АҚШ ҳукумати томонидан ҳам тасдиқланди.
«Биз урушга қаршимиз»
17 июн куни Россия давлат нашрларининг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида ишлаётган бир қанча ходимлари ўз телеграм-каналларида асир тушган америкаликлар акс этган қисқача видеоларни намойиш этишди.
Биринчи видеода Александр Дрюке ўз исми-шарифини айтади ва урушга қаршилигини маълум қилади. Иккинчисида Ҳюн ўзини таништирмаган, аммо у ҳам урушга қарши эканини айтган. Кейинроқ шу каби қисқа видео RT телеканали саҳифаларида тарқалган. Бу видеода Дрюке онасига салом йўллаб, уйга қайтишига умид билдирган, Ҳюн эса гранатомётчи бўлганига иқрор бўлган.
Уларнинг иккиси ҳам ўша жангдан кейин бир неча соат давомида ўрмонда яшириниб ётган, кейин асир тушишга қарор қилишган.
Улар қаерда экани 21 июнга қадар айтилмади, шу куни тонгда эса «Интерфакс»нинг «ДХР» куч тузилмаларидаги манбаси икки асир ҳам Донецкда бўлиб турганини айтди.
Кўп ўтмай РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков асир тушган америкаликлар қатл этилмаслигига кафил бўла олмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, америкаликлар Украина армиясига алоқадор эмас, шу туфайли Женева конвенцияси уларга нисбатан қўлланмайди. «Улар ёлланма жангчилар ва Украина ҳудудида ноқонуний фаолиятга жалб қилинган. Улар бизнинг ҳарбийларимизни ўққа тутишда қатнашган, уларнинг ҳаётига хавф туғдирган ва ўзлари амалга оширган жиноятлар учун жазога тортилиши керак», дея таъкидлаган президент матбуот котиби.
Ундан аввалроқ BBC учун берган интервьюсида РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳам шу нуқтайи назарни билдирганди.
Дрюке ва Ҳюн учун ўлим ҳукми чиқарилиши эҳтимоли чиндан ҳам юқори - июн ойи бошида тан олинмаган «ДХР» «суди Буюк Британия фуқаролари Шон Пиннер ва Эйдена Аслин ҳамда марокашлик Саадун Иброҳимни олий жазога ҳукм қилганди. Қолаверса, урушга келган америкаликлардан фарқли равишда уларнинг учаласи ҳам уруш бошлангунига қадар Украинага келишган ва шартнома асосида Украина армияси сафида хизмат қилишган.
Украинада Дрюке ва Хюн билан бир вақтда АҚШнинг яна бир фуқароси Крис Бойер йўқолиб қолган, ҳозирча унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Давлат департаментидагилар вазиятни кузатиб боришаётганини маълум қилган ва америкаликларни ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига бормасликка чақирган.
Уруш бошидан буён Украина томонида жанг қилган икки америкалик ҳалок бўлган. Март ойи ўрталарида жанг майдонида 22 ёшли денгиз пиёдаси Жозеф Кэнсел ҳалок бўлган, 15 май куни эса 52 ёшли фахрий Стивен Забьелски минага тушиб портлаб кетганди, Америка нашрларида ёзилишича, у «Украина армияси билан ишлаган кўнгиллилар гуруҳига бириктирилганди».
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024