10:39 / 28.06.2022
7652

Испания Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Испания дастлаб Тошкентда доимий дипломатик миссияси таъсис этиб, кейинроқ элчихона очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, кеча, 27 июнь куни Владимир Норов ва Испания Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Маркос Гомес Мартинесни қабул қилди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Испания сиёсий мулоқотни фаоллаштириши, турли даражадаги ташрифлар ташкил этиш, халқаро институтлар доирасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистон масаласи бўйича маслаҳатлашувларни давом эттириш масалаларини муҳокама қилган.

Маркос Гомес Испания Ўзбекистонни минтақадаги асосий давлат деб билишини ва республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Шунингдек, Ўзбекистонда Испания университетларининг филиаллари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, испаниялик мутахассислар ва ўқитувчиларни Ўзбекистонга жалб этиш масалалари муҳокама қилинган.

27 июнь куни, шунингдек Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ҳам Испания элчиси билан учрашиб, Афғонистондаги вазият ва бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилди.

Top