Иқтисодиёт | 11:45 / 29.06.2022
17509
5 дақиқада ўқилади

Агар пул етишмаса, уни қандай тежаш керак

Баъзан ҳар биримиз пул етишмаслиги муаммосига дуч келамиз. Пуллар худди бармоқлар орасидан сирғалиб тушиб кетаётгандек туюлади. Молиявий аҳволни яхшилаш ва қарзга ботиб кетмаслик учун нима қилиш керак? Харажатларни режалаштиришни бошланг, баъзи нарсаларнинг бепул муқобилини изланг ва чегирмалар васвасасига қарши туринг.

Фото: Shutterstock

Агар даромадингиз паст бўлса, катта харид учун пул жамғариб боришдан маъно йўқ. Ҳатто молиявий хавфсизлик ёстиқчасига ҳам пул топиш мураккаб бўлади. Бу ҳолат одамни тушкунликка туширади. «Кераксиз нарсаларни сотиб олма» деган оддий тавсия ҳам етарли бўлмай қолади. Шунинг учун пулни назорат қилишга 2 баробар кўп куч сарфлашга тўғри келади. Агар бунга онгли равишда ёндашсангиз, вазиятни тўғирлай оласиз.

1. Бюджет тузишни бошланг

Бу ҳамма учун фойдали, лекин даромади кичик одамлар учун айни муддао. Сиз пулингиз нимага сарфланаётганини аниқлайсиз ва керакли харажатларни режалаштира оласиз.

Оддий блокнотга ёки махсус мобил илова ёрдамида 1 ой давомида даромад ва харажатларингизни ёзиб боринг. Муддат охирида тўпланган маълумотларни таҳлил қилинг.

Озиқ-овқат, транспорт, кўнгилочар тадбирлар, уй-рўзғор буюмлари учун қанча сарфланганини аниқланг. Пулни тежаш учун нимадан воз кечишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг. Шунга асосланиб, келгуси ой учун молиявий режа тузинг.

2. Мажбурий тўловларни дарҳол тўланг

Кредит ёки коммунал хизматлар тўловини кейинга қолдирманг. Маошдан сўнг пул кўпайгандек ва ҳамма нарсани сотиб олиш мумкиндек туюлади. Бу алдамчи туйғу қарзга олиб келиши мумкин. Унутманг, кечиктирилган тўловлар учун пеня ундирилади. Агар бир неча ойлик мажбурий тўловлар тўпланиб қолса, жуда оғир вазиятга тушиб қолиш мумкин.

3. Нимадан воз кечишга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни аниқлаб олинг

Ўзингизни ҳамма нарсадан маҳрум қилиш жуда қийин. Доимий чекловлар ҳаётни заҳарлайди. Бундай ҳолатда эзилиш туйғусидан қутулиш учун таслим бўлиш ва кераксиз нарсаларни сотиб олиш осон. Шунинг учун, нималарда пулни тежашга рози эканингиз ёки рози эмаслигингиз ҳақида ўйлаб кўринг.

Мисол учун, сузишни ёки расм чизишни яхши кўрасиз, бу машғулотлар ҳаётни ёрқинроқ қилади ва сизни ижобий ҳис-туйғулар билан қувватлайди. Улардан воз кечманг. Ойига севимли машғулотингизга қанча пул сарфлашингизни ҳисобланг ва керакли миқдорни бошқа тоифадаги харажатлардан тежанг.

4. Товар ва хизматларнинг бепул муқобилини изланг

Агар севимли машғулот ва қизиқишингиз кўп бўлса, уларнинг барчасига пул сарфламанг. Албатта, баъзиларида пулни тежаш мумкин.

- Агар мутолаани яхши кўрсангиз, китоб сотиб олманг, уни кутубхонадан олинг. Шунингдек, китобларнинг бепул электрон нусхалари ҳам бор.

- Агар чет тилини шунчаки завқланиш учун ўрганаётган бўлсангиз, пулли курсларга борманг. Интернетда мустақил ўрганиш учун манбалар етарли: видеолар, машқлар, субтитрли кинолар, чет элликлар билан мулоқот қилиш хизматлари.

- Агар спорт билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, спорт залига абонемент сотиб олманг. Уйда машқ қилинг, паркда югуринг, бепул мастер-классларни изланг.

5. Нарсаларни фақат арзонлиги учун сотиб олманг

Катта эҳтимол билан улар сифатсиз ва узоқ хизмат қилмайди. Агар сизга пойабзал ёки устки кийим керак бўлса, сифатлироғини танланг. Бу қимматроқ бўлиши мумкин, аммо узоқ вақт хизмат қилади.

Кичкина болалар учун арзон нарсаларни сотиб олиш мумкин. Улар тез улғаяди, шунинг учун кийимлари бир неча ойда эскирса ҳам ачинмайсиз.

6. Қўлдан сотиб олинг

Агар сизга спорт жиҳозлари, болалар мебели ёки карнавал костюми керак бўлса, янгисини сотиб олиш шарт эмас. Эълонлар сайтида атиги бир неча марта ишлатилган яхши нарсалар ҳам бор. Кимдир спорт билан шуғулланиш ҳақидаги фикрини ўзгартирган, кимгадир товар мос келмаган ёки шунчаки ёқтирмаган. Ишлатилган нарсалардан воз кечманг, пулни тежаш имкониятини қўлдан бой берманг.

Фото: e.rpp-noticias.io

7. Дўконларнинг реклама тарқатмаларига обуна бўлманг

Ҳар бир янги реклама хати - васваса манбаидир. Чегирмалар, промо-кодлар ва махфий акциялар ҳақидаги хабарни ўқисангиз, ҳеч нарса керак бўлмаса ҳам, бирор нарса сотиб олишга интиласиз. Бундай хатларнинг охирида обунани бекор қилиш ҳаволаси бор. У орқали обунани бекор қилинг ва бироз хотиржам яшанг.

8. Муҳим нарсани кераксизидан ажратинг

Пулни тежашда асосий омил «эҳтиёж»ни «истак»дан ажратишдир. Зарур харажатлар ҳар доим рўйхатнинг юқори қисмида бўлиши керак. Инжиқликдан эса кўпинча воз кечиш мумкин. Аслида одамларнинг кўпчилиги 30 фоиз пулини бир дақиқалик «шуни хоҳлайман»га сарфлайди. Бирор нарса сотиб олишдан олдин ўзингиздан «шу нарса менга ҳақиқатан ҳам керакми?» деб сўранг.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

Мавзуга оид