“Тез пул ишлаш”, “осон пул топиш”, “бир зумда бойиб кетиш” каби иборалар одамларни беихтиёр ўзига тортади. Бир қарашда улар жозибадор, баъзан эса ҳақиқатга яқин туюлади. Айримларда бу амалга ошаётгандек. Гўё қўл чўзсангиз бўлди – бойлик қўлингизга тушадигандек. Аммо бу хаёлларнинг тагида нима ётади? Ҳақиқатан ҳам пулни тез ва осон ишлаб топиш мумкинми?
Бойиб кетиш иллюзияси
Кўпинча одамларни тез бойишга ишонтириш учун катта натижага эришган тадбиркорлар мисол келтирилади. Уларнинг муваффақиятлари орқали “қаранг, сиз ҳам шундай қилсангиз бўлади”, дейилади. Лекин бу ерда катта зиддият бор: тез ва осон бойиш деярли имконсиз. Биз кўриб турган натижалар эса шунчаки нотўғри талқин қилинган бўлади. Аслида муваффақиятли инсонларнинг йўли осон бўлмаган. Уларнинг ортида йиллар давомида йиғилган тажриба, илм, қаттиқ интизом, тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат ва қаноат ётади.

Кишида илмсизлик сабаб “бўшлиқ” мавжуд бўлса, кўпинча қисқа муддатли даромад ваъдаси билан тўлдирилади. Бу эса одатда молиявий пирамидалар шаклида намоён бўлади. Уларда кейин кирганларнинг пули аввалгиларга қайта тақсимланади, гўё “инвестиция даромади” каби иллюзияланади. Лекин охир-оқибат пирамида қулайди, минглаб одамлар пулидан айрилади.
Исломий олтин қоида
Қадимий, аммо ҳануз амал қилиб келаётган ислом молиясининг бир қонунияти бор: пул эвазига пул топилмайди. Пул фақат реал иқтисодиётга кириб, маҳсулот ёки хизматга айланиб, қиймат яратганидан сўнггина фойда келтиради.
Ислом молиясининг энг асосий тамойилларидан бири ҳам шунда: пул – товар эмас. Пул сотилмайди, фақат айирбошланади. Шу сабаб савдога оид қоидалар пулга нисбатан қўлланмайди. Пулнинг ўзига хос алоҳида тартиблари бор – уларни “сарф қоидалари” деб аташади.

Биз товарларни ёки хизматларни бевосита истеъмол қиламиз: нонни еймиз, либосларни киямиз, машинани миниб юрамиз. Пул эса бундай эмас. У жисмоний хусусиятига кўра қоғоз, металл ёки ҳисобдаги рақамлардир. Бизга пул орқали олинадиган манфаат керак. Масалан, қўлингизда бир миллион сўм нақд маблағ бўлса, уни қоғоз сифатида ишлатмайсиз. Балки уни озиқ-овқатга ёки хизматга сарфлайсиз. Яъни пул эҳтиёжимизни қондирувчи бошқа маҳсулот олишга сарфланди. Демак, пул – шунчаки восита. Унинг жисмоний қиймати йўқ, асл моҳияти унга юкланган ижтимоий вазифададир.






