19:02 / 30.06.2022
26049

Қурбон ҳайити 9 июлга тўғри келмоқда 

Байрам санаси расман тасдиқланса, ўзбекистонликлар учун 9-12 июл – 4 кун дам олиш бўлади.

Фото: Kun.uz

Бугун, милодий 30 июн – ҳижрий Зулҳижжа ойининг 1-кунидир, дея маълум қилди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси.

Бу шуни англатадики, Зулҳижжа ойининг 10-кунида нишонланадиган Қурбон ҳайити 9 июлга тўғри келади.

“Шу муносабат билан Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётган зиёратчилар 2022 йил 8 июл, арафа куни Арафот тоғида жам бўладилар. Ўша кунда ҳажда бўлмаганларнинг рўза тутиши суннат: у бир йил олдинги ва кейинги (кичик) гуноҳларга кафорат бўлади”, дейилади ЎзМИ Фатво маркази хабарида.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 9 июлда нишонланиши президент қарори билан расман эълон қилинса, дам олиш кунлари кетма-кет 4 кунни ташкил этади.

Шу тариқа, Ўзбекистон аҳолиси Қурбон ҳайитида қуйидаги кунларда дам олади:

  • 9 июл – шанба, ҳайит байрами (ҳали тасдиқланмаган);
  • 10 июл – якшанба;
  • 11 июл – душанба, барча учун қўшимча дам олиш куни;
  • 12 июл – сешанба: ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун қўшимча дам олиш куни, ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар учун 16 июл – шанбадан кўчирилган дам олиш куни.
Top