Жамият | 16:50 / 01.07.2022
15965
3 дақиқада ўқилади

“Бу бизга катта далда бўлди”: президентдан совға олган хаста болалар қувончи

30 июн куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказидаги бемор болаларга президент номидан совғалар топширилди.

Бу касалхона номини эшитганда бир сесканади одам. Чунки кўзларида хасталик акс этган ноумид болалар, ҳар дақиқасини хавотир ва қўрқув билан ўтказадиган ота-оналарнинг ҳам моддий, ҳам маънавий қўлловга муҳтож нигоҳлари кўз ўнгимизга келади.

Бундан бир йил муқаддам президент Ш.Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болалар ҳолидан хабар олиб, у ердаги шароитлар билан танишди. Давлат раҳбари шифохонадаги бемор болалар, уларнинг ота-оналари ва шифокорлар билан суҳбатлашиб, улар билан бирга эканлигини таъкидлаган эди.

Шундан сўнг бу марказ янги замонавий бинога жойлаштирилди ва бемор болалар мунтазам равишда шахсан давлат раҳбарининг назоратида бўлиб туришибди. Жорий йилнинг 30 июн куни марказда даволанаётган болаларга президент номидан совғалар топширилди.

Мазкур шифохонада даволанаётган ва марказдаги "Меҳрли мактаб"да таълим олаётган болалар президентга хат йўллаб, ўзларининг қизиқишлари, орзу-интилишлари ҳақида ҳам ёзган эдилар. Бугун уларга жавоб хатлари ҳамда ҳадялар етиб келди. Беморлардан бири Дилзода Саидхўжаевага Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида грант асосида таълим олиш учун сертификат, Диёрбек Абдуқосимовга эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фахрий аъзолиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳам берилди.

Дилзода Саидхўжаева, бемор:

“Ёшим 16да. Болалигимдан дизайнер бўлишни орзу қиламан. Касаллигим сабабли ўқишларим тўхтаб қолган эди, ҳозир давом эттиряпман. Бемор бўлиб орзуларимга ета олмаслигим мумкинлигидан қўрққандим, лекин умидимни сўндирмадим.

Шифохонада ётганимда президентимизга хат йўллаган эдим. Унда орзуларим ҳақида ёзгандим. Менга олий таълим олишим учун сертификат берилди. Ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келгусида иқтидорли талабалар сафида бўлишни, ўзбек миллий либосларини дунё миқёсига олиб чиқишни истайман”.

Тадбирда президентга хат ёзиб ўз орзусига эришаётган бемор болалардан бири, Kun.uz таҳририяти орқали кўпчиликка таниш бўлган Руслан Насибулинга Мирзиёевдан хат билан бирга ноутбук ҳамда китоблар тақдим қилинди. Руслан келажакда IT мутахассиси бўлишни орзу қилади. Шунинг учун у соҳани ўрганиш, онлайн дарслар ўзлаштириш мақсадида компьютери бўлишини истаганини айтади.

Мавзуга оид