07:30 / 01.07.2022
2957

«Ватан таянчи» жамғармаси ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Norma’нинг ёзишича, президентнинг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Низом билан жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш тартиби белгиланди. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
  • «Ватан таянчи» ҳаракати вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
  • юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон норезидентлари ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорлар грантлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларни қуйидагиларга сарфлаш ҳуқуқига эга:

  • ўқувчи ёшларга ҳар томонлама таълим-тарбия бериш мақсадида умумтаълим мактабларида амалий ва техник йўналишдаги тўгараклар фаолиятига;
  • «Ватан таянчи» ҳаракатини сақлаш, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга;
  • конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, шунингдек, маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирлар ўтказишга.
Top