23:58 / 02.07.2022
40217

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Фавқулодда ҳолат 1 ой давом этади ва бу даврда соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амал қилади.

Президент фармони билан фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 3 июл соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 гача фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Фавқулодда ҳолат даврида соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амал қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг комендатураси ташкил этилиб, унга “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонунида назарда тутилган барча ваколатлар берилди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон коменданти этиб тайинланди.

Фавқулодда ҳолат даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилади:

  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
  • Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаракатланиш эркинлиги чекланади, шу жумладан транспорт воситалари учун ҳам;
  • фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилиши, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилиши, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши таъминланади;
  • Қорақалпоғистон ҳудудига кириш ва ундан чиқиш чекланади;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
  • юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
  • қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланади;
  • дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкогол маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади;
  • жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилади.

Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун аниқ таҳдид, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳужум қилиш, уларнинг қурол ва техникасини эгаллаб олиш ҳолатларини инобатга олиб ҳамда "Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги конституциявий қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб қилинади. Вазирлик кучларининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга фавқулодда ҳолат даврида ўрнатилган чора ва вақтинчалик чекловларнинг амалга оширилишида қонунийликка риоя этилишини таъминлаш юклатилди.

Фармон Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун юборилади.

Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июл куни оммавий митинг бўлиб ўтганди. Расмийлар маълумотига кўра, бунга айрим фуқаролар конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилгани сабаб бўлган.

Шу куни оқшомда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусда жамоат тартиби тиклангани, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслиги ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

2 июл куни Қорақалпоғистон парламенти, ҳукумати ва Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнот чиқариб, 1 июл куни бир гуруҳ шахслар фуқароларни Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдига йиғиб, бу биноларни эгаллаб олишга уринганини таъкидлади.

Қорақалпоқ расмийларига кўра, улар “популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилган”.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйган. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда органлар ходимларига фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган.

2 июл куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусга бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари ва фаоллари билан учрашди ҳамда Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддаларини ўзгартирмаслик кераклигини айтди.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top