Ўзбекистон | 17:30 / 05.07.2022
13411
3 дақиқада ўқилади

“Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири” — Алишер Шодмонов

Фото: Газета.uz

Бугун Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат, элат ва этник гуруҳларнинг вакиллари яшайди. Уларнинг ҳар бири ўз миллий-маданий урф-одатларига, анъаналарига, тилига, конституциявий ҳуқуқий тенгликларига эга. Кўп миллатли давлатда миллатлараро тотувлик ижтимоий–сиёсий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, миллатлараро тотувлик турли миллатга мансуб бўлган фуқаролар ўртасида бир–бирига нисбатан аҳил бўлишга, ҳурмат билан қарашга даъват этади. Бу эса турли миллат вакилларининг бир-бирларини камситиш ёки ўзаро лоқайдлик билан қарашдек носоғлом иллатларнинг олдини олади. Турли миллат вакилларини ўз мамлакати, Ватани олдида турган эзгу мақсадлар сари сафарбар этади.

Шу кунларда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини изтиробга солди. Чунки ўзбек ва қорақалпоқ халқлари бир-бирига қон-қариндош бўлиб, бир заминда иноқ-иттифоқ яшаб келган. Ахборот берилишича, бу “учинчи кучлар”нинг иши бўлиб, анчадан бери тайёргарлик кўрилган экан. Албатта, бундай ҳолатда сабр-тоқат, вазминлик ва ақл билан иш тутиш, турли провокацияларга берилмаслик ва бўлиб ўтган фожиадан тўғри хулоса чиқариш зарур. Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги дўстликка рахна солишга йўл қўймаслик керак. Биз бир заминда яшаб келганмиз, бундан кейин ҳам аҳилликда яшаб, ривожланиб борамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон халқи ва Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаатида таъкидлаганидек: “Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз”. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизда оламга янгича қараш шаклланди. Бу ўзгартиришлар ортида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, маданий ва миллий ривожланишга шарт-шароит яратиш, илм-фан такомиллашувидаги аниқ ҳаракатларга асосланган эзгу амаллар мужассам. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилди. “Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади.

Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир”.

Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов

Мавзуга оид