13:54 / 08.07.2022
16659

Қозоғистон МДҲнинг Давлатлараро валюта қўмитаси тўғрисидаги битимидан чиқди

Қозоғистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Давлатлараро валюта қўмитаси тўғрисидаги 1995 йилдаги келишувидан чиқди.

Фото: Akorda.kz

«1995 йил 26 майдаги Давлатлараро валюта қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги битимнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида 2013 йил 25 октябрда Минск шаҳрида тузилган баённома тасдиқлансин», — дейилади Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фармонида.

Ҳужжат аллақачон кучга кирган.

Маълумот ўрнида, Давлатлараро валюта қўмитаси валюта тўловлари ва кредит муносабатлари соҳасида кўптомонлама ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш, кўптомонлама ҳисоб-китоб ва кредит муносабатларига таъсир этувчи валюта қонунчилигини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш, МДҲга аъзо давлатларнинг тўлов иттифоқини ташкил этиш тўғрисидаги келишув иштирокчиларини пул-кредит ва валюта сиёсатини мувофиқлаштириш шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш, валюта назорати масалаларида ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил этилган эди.

Ушбу битим 1995 йил 26 май куни имзоланган бўлиб, Ўзбекистонда 1996 йил 23 июлдан бошлаб кучга кирди. 

2013 йил 25 октябрда Минск шаҳрида ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги баённома имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти ушбу баённомани 2014 йил 4 февралдаги фармони билан тасдиқлаган эди.

Top