Спорт | 11:24 / 11.07.2022
13793
2 дақиқада ўқилади

Новак Жокович 7-марта Уимблдонда ғалаба қозонди 

2022 йилги Уимблдон финалида австралиялик Ник Кирьосни мағлуб этиб, Новак Жокович Катта дубулға мусобақаларида ўзининг 21-чемпионлигини қўлга киритди.

Фото: Reuters

Сербиялик Новак Жокович спорт карьерасида еттинчи бор Уимблдон теннис турнирида ғолиб чиқди. 10 июль, якшанба куни у нуфузли мусобақа финалида австралиялик Ник Кирьосни мағлуб этиб, Катта дубулға мусобақаларида 21-чемпионлигини қўлга киритди. 

Уимблдон-2022 финалининг ўзига хос интригаси Жокович ва Кирьос ўртасидаги кортдаги ушбу учрашув олдидан сербиялик теннис юлдузининг австралияликка қарши бирорта сетда ғалаба қозона олмагани билан боғлиқ эди. 

Айни вақтда дунёнинг учинчи ракеткаси бўлган Новак Жокович учрашув давомида 15 маротаба эйсни амалга оширди ва 7 та қўшхатога йўл қўйди. Ник Кирьос 30 та эйсни расмийлаштирди ҳамда сербиялик билан бир хил миқдордаги қўшхатога йўл қўйди. 

Уимблдонда чемпионликлар сони бўйича Жокович америкалик теннисчи Пит Сампрасга етиб олди. Швейцариялик Рожер Федерер саккизта ғалаба билан яккалик баҳсларида рекордчи ҳисобланади. 

Бир кун аввал, 9 июль куни аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида бу йилги Уимблдон турнирининг чемпиони аниқланди. Москвада туғилган, мусобақада Қозоғистон номидан қатнашган 23 ёшли Елена Рибакина ғолибага айланди. Финалда у тунислик Онс Жаберни мағлуб этди. 

Мавзуга оид