Жаҳон | 09:48 / 14.07.2022
4170
2 дақиқада ўқилади

АҚШда йиллик инфляция тўққиз фоизлик нуқтадан ўтди

АҚШда истеъмол нархлари 1981 йил декабридан бери бу қадар тез ўсмаган. Бензин нархлари индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59,6 фоизга ошди.

Фото: Picture Alliance

АҚШда истеъмол нархларининг ўсиш динамикаси кескин кучайди. Июнь ойининг охирида улар йиллик ҳисобда 9,1 фоизга кўтарилди, бу 1981 йил декабридан бери энг катта ўсишдир. 13 июль, чоршанба куни эълон қилинган АҚШ Федерал меҳнат статистикаси бюроси (BLS) маълумотлари шундан далолат беради.

Инфляциянинг кескин ўсиши, биринчи навбатда, энергия нархининг кўтарилиши билан боғлиқ бўлиб, у 8,8 фоиздан ошмаслигини кутган мутахассислар прогнозидан ҳам юқорилаб кетди. Май ойи якунлари бўйича истеъмол нархларининг ўсиш суръати йиллик кўрсаткичда 8,6 фоизни, апрель ойи якунлари бўйича эса 8,3 фоизни ташкил этди. 

«Энергетика нархлари индекси ўтган йил давомида 41,6 фоизга, бензин нархлари индекси 59,6 фоизга ўсди. Бу 1980 йил март ойида тугаган даврдан бери бир йил ичида энг катта ўсишдир», - дейилади BLS хабарида.

Июнь ойи ўрталарида Федерал захира тизими (ФЗТ) инфляцияга қарши курашиш мақсадида 1994 йилдан бери биринчи марта базавий фоиз ставкасини бирданига 75 базавий пунктга, яъни 1,5-1,75 фоизгача оширди. Тахминларга кўра, июль ойи охиридаги йиғилишда ФЗТ пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришни давом эттиради ва ставка яна 50-75 фоиз пунктга оширилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид