08:00 / 14.07.2022
5996

Ўзбекистонда «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури тасдиқланди

Фото: Kun.uz

Президент “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи 2022-2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури тасдиқланди:

  • автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
  • автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
  • жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
  • ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситалари техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.

Дастурда белгиланган манзилли тадбирларнинг амалга оширилишини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга қаратилган қуйидаги назорат тартиби ўрнатилди:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари – ҳар чоракда масъул давлат органлари томонидан дастур ижроси амалга оширилиши юзасидан ҳудудлар кесимида ўрганишларни ўтказиш ва натижалари бўйича Бош прокуратурага ахборот беришни ташкил этади;
  • Бош прокуратура, Ҳисоб палата – ҳар чоракда масъул давлат органлари раҳбарларининг дастур ижроси, ҳудудлар кесимида амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва бажарилмаётган масалалари юзасидан танқидий муҳокама қилиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритиш амалиётини йўлга қўяди;
  • Вазирлар Маҳкамаси – ҳар ярим йилда дастур ижросини ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилиш, ижроси юзасидан камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларига интизомий жазо чораларни кўриш, дастурда белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга оширилишини ташкил этади.

Дастурда белгиланган манзилли тадбирлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун жавобгарлик шахсан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ички ишлар вазири, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси зиммаларига юкланди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

  • дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларни ўз ичига олган “йўл харитаси”ни ҳар йили ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига киритади;
  • ҳар чоракда йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликлар аҳволи таҳлили асосида, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиб, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига муҳокама қилиш учун киритиб боради.
Top