Ўзбекистон | 14:45 / 15.07.2022
31917
6 дақиқада ўқилади

“Қизил” ва “яшил” йўлак – постлардаги тирбандлик ва асаббузарликнинг янги манбайи

Ҳукумат қарори билан ЙПХ стационар постларида «яшил» ва «қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартиби жорий этилди. Энди жаримасини вақтида тўламаган, суғурта ва техник кўрикдан вақтида ўтмаган автомобиллар постларда ушлаб қолинади. Биринчи бўлиб Қамчиқ довонида жорий этилган тартиб ҳайдовчи ва йўловчиларни чорасиз қолдирмоқда.

Фото: Kun.uz

Билдирилишича, автомобилнинг давлат рақам белгиси фото ва видеоқурилмалар орқали ўқиб олиниб, оний сонияларда база орқали шу машинани бошқараётган шахс гарданида тўланмаган жаримаси бор-йўқлиги аниқланади.

Ҳеч қандай қоидабузарлиги йўқ ҳайдовчилар «яшил йўлак» орқали ҳаракатни давом эттиради. Жаримаси сўндирилмаган қоидабузарликка эга автомобиллар эса «қизил йўлак»ка ўтказилади.

Агар жарима ўша ерда сўндирилса ёки қарздорликка асос бўлган қоидабузарлик юзасидан судга мурожаат қилинган ёхуд иш судда кўрилаётган бўлса, ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади.

Қарздорликни тўлолмаган ҳолларда транспорт воситалари токи у тўлангунга қадар махсус тўхташ жойларига (жарима майдончасига) жойлаштирилади.

Умуман, «қизил» йўлакка ўтказиш учун асос бўладиган ҳолатлар рўйхати қуйидагича:

  • автомобил эгаси қидирувда бўлса;
  • суғурта полиси муддати ўтган бўлса;
  • техник кўрик муддати ўтган бўлса;
  • транспортга ортилган юк транспорт габаритидан меъёридан ортиқ даражага катта бўлса;
  • транспорт эгасининг йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун 60 кун ичида тўланмаган жаримаси бўлса.

Бу янгилик биринчилардан бўлиб Қамчиқ довонидаги ЙПХ стационар постларида жорий этилди. Кўплаб автомобиллардан ҳайдовчи ва йўловчилари туширилиб, машина эса жарима майдончасига киритиб қўйилмоқда. Ҳайдовчиларнинг айримлари гарданида жарима борлигини шу ерда билишмоқда.

Бу қанчалик ноқулайлик ва асаббузарлик келтириб чиқараётганини тасаввур қилаяпсизми? Қолаверса, тушунмовчилик, жанжал, тортишувлар натижасида ҳеч қандай жаримаси йўқ ҳайдовчилар ҳам тиқилинчда қолиб кетиб, вақт ва асаб йўқотишмоқда.

Бу эса адолатсизлик ва мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Чунки қоидабузарликка ҳайдовчиларнинг аксарияти беихтиёр йўл қўяди. Яъни 99 фоиз ҳолатда бу кўчадаги фото ва видеокамералар ёрдамида аниқланувчи тезликни меъёридан ошириш қоидабузарлиги бўлади ва ҳайдовчи қоида бузгани, қоидабузарлиги қайд этилганидан бехабар бўлади. Яна айрим ҳолларда машинада оила аъзоси ёки бошқа қариндоши қоидабузарлик содир этган ва бундан машинанинг эгаси бехабар бўлиши мумкин.

Ҳайдовчини ЙПХ ходими тўхтатиб жаримага тортса, ҳайдовчи бундан шу заҳоти хабар топади. Ҳуқуқбузарлик автоматлаштирилган тизим орқали аниқланганда эса бундай бўлмайди.

Қолаверса, қоидабузарлик учун жарима ундиришнинг бошқа йўллари бор. Аввало, ДЙҲХХнинг ўзи қоидабузар ҳайдовчига хат, SMS орқали хабар бериши керак. ИИВнинг турли базаларини бирлаштириб, машина эгасининг рақамига автоматик SMS борадиган қилишни ҳар қандай дастурчи талаба ҳам эплайди.

Яна бир ҳолат бор: ҳайдовчиларнинг катта қисми ишончнома орқали машина бошқаришади. Огоҳлантиришлар аксарият ҳолларда мутлақо бошқа жойда яшовчи автомобил эгасининг манзилига боради. Машинанинг де-юре эгаси ҳозир машинани ким бошқариб юрганини ҳам билмаслиги, унда ҳайдовчининг контактлари ҳам бўлмаслиги мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчи (ёки автомобил эгаси) ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённома тузилганидан хабардор қилинишининг расмий йўли бу – почта хизмати. Аммо “Ўзбекистон почтаси”нинг қандай ишлашини кўпчилик билади. Бизга маълум бўлган жуда кўплаб ҳолатларда ҳайдовчиларга баённома етиб келмайди.

Нима қилиш керак?

«Қизил» йўлак жарималарни ундириш учун яхши ўйланган ечимдир, лекин айрим истиснолар белгиланмас экан, уни тўғри ва адолатли деб бўлмайди.

Энг аввало, қизил йўлакка олиб ўтилган машина ҳайдовчиси (ёки эгаси) тўланмаган жаримаси борлиги ҳақида ваколатли орган томонидан расман огоҳлантирилганини исботлаш мажбурияти ЙПХ инспектори зиммасига юклатилиши керак. Ҳуқуқбузар огоҳлантирилмаган бўлиб чиқса, у расман огоҳлантирилиб, қўйиб юборилиши керак.

Агар жаримани ундириш МИБга ўтган бўлса, МИБ ижрочиси автомобилни бошқараётган шахсга ижро иши очилгани ва ундирув ҳақида маълум қилган бўлса, улар ҳам қарздорни огоҳлантириши ва бу ҳақидаги белгини базага киритиши лозим.

Жарималар миқдори шундай чўнтакдан пул суғуриб тўлаб кетиладиган даражада эмас. Анчагина салмоқли. Масалан, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима бўлса, ҳайдовчининг ёнида шунча пул бўлмаслиги эҳтимоли кўпроқ.

ДЙҲХХнинг электрон тизими МИБнинг электрон тизимига тўлиқ интеграция қилинмаган.

Яна бир муаммо шундаки, амалда жарималарни ундириш вақт бўйича чегара билмаяпти. Умуман, ижрога қаратилмаган баённомалар бўйича жарималар йиллар давомида базада сақланиб тураверади. Ваҳоланки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 330-моддасига кўра, башарти маъмурий жазо қўлланиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч ой давомида ижро этишга қаратилмаган бўлса, у ҳолда бундай қарор ижро этилмайди.

Танганинг иккинчи тарафи

Ҳайдовчилар ҳам узоқ йўлга чиқишдан аввал гарданида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима борми-йўқми, бирров текшириб, қарздорликни бартараф этишни ўрганиб олишлари керак. Буни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг dyhxx.uz сайти, e-jarima.uz сайти, Telegram'даги e-jarima боти, мобил телефонлар учун мўлжалланган Road24 иловаси, 8860 қисқа рақамига автомобилнинг давлат рақам белгиси ҳамда техпаспортининг серия-рақамларини смс тарзда юбориш орқали билиб олиш мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид