Жамият | 21:41 / 15.07.2022
16411
8 дақиқада ўқилади

Таълимдаги тенгсизлик: Қизларни ўқитиш уларни турмушга тайёрлашдек муҳим

“Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди?” – қон-қонимизга сингиб кетган гап. Минг афсуски, ҳозир ҳам кўплаб ота-оналар шу фикрга қўшилади. Қизларни одобли, гап қайтармайдиган, “борган жойига сувдек сингиб кетадиган” қилиб улғайтириш ютуқ ҳисобланади. Айниқса аёлларимиз қизлари вояга етиши билан узатиш, “эгасига топшириб қутулиш”га шошиб қолишади.

Кейинги пайтларда қизларни ўқитишга бўлган муносабат нисбатан ўзгаргандек бўлса-да, кунда-кунора ён-атрофимиздаги кўплаб ҳолатларни кўриб, бу ижобий ўзгариш етарлиги эмаслигини тушунамиз. Қиз бола омади келиб ўқиди ҳам дейлик, лекин уларда турмушга чиққач, касбий фаолиятини давом эттириш мушкул масалага айланади. Ишлашга рухсат олиш учун ҳам кўп ҳолатда улар барча масъулиятни бўйнига олишга мажбур бўлишади: яъни ҳам рўзғор ишлари, ҳам фарзанд тарбияси, ҳам ишни эплаш талаб қилинади. Ишга киришда ҳам келгусида “декрет”га кетадиган ходим кўпам хушланмайди.

Бундай қийинчиликлар эса ўқиш орзусидаги қизлар учун келгусида кўндаланг турадиган муаммо бўлгани сабаб шу хоҳишни бошқасига алмаштириб қўя қолиш осонроқдек туюлади.

“Бўлажак фарзандингиз учун она изланг, бошқариш осон қизни эмас”

Қизларимизни одатда “эрга тегишинг керак” деб тарбиялаймиз ва ҳамма мақсадларимиз шунга йўналтирилади. Шундай экан, таклифга яраша талаб дегандай кўпчилик йигитларимиз ҳам ўқиган эмас, айнан рўзғор ишларига уддабурон қизларга харидор бўлиши табиий. Чунки, бундай қизларни бошқариш ўз дунёқарашига эга қизларни бошқаришдан кўра осонроқ бўлади.

Бу борада психолог Гулираъно Эролова шундай дейди:

“17-18 ёшдан кейин қизларимизга қандай муносабатда бўлишни, қандай тарбиялашни билмаймиз. Уларга нисбатан қаттиққўл бўлиш керак, деган фикрдамиз. Қаттиққўлликнинг заминида эса – ҳадик, қўрқув бор. Яъни қизи балоғатга етаётган кўпчилик ота-оналарда “шу ёшдаги қизимни қаттиққўллик билан назорат қилмасам, бутунлай эркинликка берилиб, “бузилиб” кетади, юзимни ерга қаратади,” деган фикр ётади. Шунинг учун ҳам елкасидаги “юк”дан қутулиш, атрофдагиларнинг ҳар хил гапларидан фориғ бўлиш учун тезроқ турмушга бериш пайида бўлади. Бундай стереотипни ўзгартириш учун ота-оналар ҳам билимга эга бўлиши керак.

Йигитлар ҳам танловда кўпроқ ўқимаган қизларни маъқул кўришади. Чунки бундай қиз итоаткор бўлади, қизнинг дунёқараши ва фикрлаши қанчалик тор даражада бўлса, уни бошқариш шунчалик осон бўлади деб ўйлашади. Чунки оилада йигитларни тарбиялашда ҳам маълум чегаралар ўрнатилган. Қизларимизни тарбиялашда уларга итоаткорликни, рўзғорбоп бўлишни қанчалик сингдирсак, шуни кўриб ўсаётган ўғил фарзандларимизни ҳам шунга тайёрлаб бораверамиз.

Лекин айрим замонавий, жамиятда ўрнига эга йигитлар ўзларига турмуш ўртоқ сифатида ўқимишли, ўзига ишонган, жамоат орасида фаолият юрита оладиган қизларни маъқул топишади. Чунки улар ўзларидан кейинги авлодлари учун она танлашади, бошқариш осон бўлган қизни эмас”.

Дунё мамлакатларида талабаларнинг катта қисми қизлардан иборат. Бизда-чи?

АҚШ. 2021 йил баҳоригача бўлган маълумотларга кўра, АҚШда олий таълим муассасаларида ўқиётган хотин-қизлар 59,5 фоизни ташкил қилган. Эркаклар эса 40,5 фоизга тенг бўлган.

1970 йил охирларидан бошлаб Америка олийгоҳларида қизлар улуши ошишни бошлаган. 1992 йилга келиб АҚШ олий таълимида талабаларнинг 55 фоизи қизлар эди. 2019 йилда бу кўрсаткич 57,4 фоизни ташкил қилган.

Саудия Арабистони. Бу давлатда ҳам ОТМда аёллар улуши эркакларникидан кўпроқ. Мамлакат таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда аёллар Саудиядаги университет талабаларининг деярли 52 фоизини ташкил қилган. Олий таълимнинг бакалавр босқичида 551 минг аёл таҳсил олса, эркакларнинг сони 513 мингга тенг.

Қозоғистон. Ён қўшнимиз бўлган Қозоғистонда ҳам 2020 йил маълумотларига кўра ОТМ талабаларининг 53,2 фоизи хотин-қизларни ташкил этади.

Ўзбекистон. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020/21 ўқув йили бошига республикамиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 571,5 мингтани ташкил этган. Шундан талаба йигитлар – 311,5 минг нафар, қизлар – 260 минг нафар. Яъни Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи талабаларнинг 45,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

2021/22 ўқув йилида эса бу кўрсаткич бироз ошган – талабаларнинг 47 фоизи хотин-қизлардан иборат. Аммо шунда ҳам солиштирма рақамлар барибир бу кўрсаткичнинг камлигини кўрсатади.

“Қизларни ўқитишга ўғил болаларни ўқитишдан ҳам жиддий қараш керак”

Оилада ўғил фарзанд тарбиялаётганда унга нисбатан аниқ йўналишлар берилиб, қизиқишлари ва хоҳишлари ҳисобга олинса, қизлар келажагига фақат оила бекаси, келин, рафиқа, она сифатида қаралиши сир эмас. Шунинг учун ҳам уларнинг таълим олишлари ўғил фарзандлар каби муҳим саналмайди, оила бюджетидан бунга пул ажратиш имкон борича ўлчовли бўлади ёки умуман ажратилмайди.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг сўзларига кўра, ўқимаган қизлар келгуси ҳаётида дискриминацияга кўпроқ учрайди.

“Қизларни ўқитмаслик жамиятнинг ривожланишига катта таъсир қилади. Аҳолининг ярми ўқимаса, жамиятнинг ривожланиш потенциалини икки баравар камаяди. Биз эса ана шу потенциалдан етарлича фойдалана олмаган бўламиз.

Суицид, ажримлар, умуман аёлларнинг ҳаётда дискриминацияга дуч келишлари уларнинг иқтисодий имкониятлари йўқлигидан келиб чиқади. Бунга эса ўқимаслик туфайли дучор бўлишяпти.

Қизларни ўқитишга ўғил болаларни ўқитишдан ҳам жиддий қараш керак деган бўлардим”.

“Қизларимизни мустақил ва кучли қилиб тарбиялашимиз керак”

ОКМК бошқарув раиси ўринбосари Абдулла Азизовнинг ҳам қизлар таълими борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

“Қизларни болаликдан маиший масалаларга ўргатиб қўямиз: рўзғор тутишни билишинг, овқат қилишни ўрганишинг керак деб. Улар шунга машғул бўлиб, илм олишга, келажакда натижа берадиган ишларга эътиборни камайтиришади. Катта бўлганда бу ишларни албатта ўрганиб олиши мумкин – бу қийин эмас. Лекин болаликда йўқотилган вақт, зеҳн, уқувни қайтариб бўлмайди.

Қизларимизни мустақил ва кучли қилиб тарбиялашимиз керак. Шунда келгусидаги муаммолар олдида иккиланиб қолмайди, ўзига ишонади.

Данияда қайси ташкилотга борманг, ходимларнинг ярми аёллардан иборатлигини кўрасиз. Раҳбарлар орасида ҳам шундай. Бизда бунинг тескарисини кўриш мумкин.

Фарзандларни тарбиялашда ўғил ёки қиз бола эканлигига ажратиш керак эмас. Шунингдек, уларнинг қизиқишлари ва билим олишларига пул сарфлашда ҳам. Токи қизларимиз ҳаётда ҳеч кимга маънавий, моддий жиҳатдан тобе бўлиб қолишмасин. Ўз кучи, билими ва ақлига суянишсин”, дейди у.

Илмли аёлдан жамият фақат фойда кўради

Хулоса қилиб айтганда, қизларни оилавий турмушга тайёрлашга катта эътибор қаратишимиз жуда яхши албатта, бироқ шунинг ёнига уларни ўқитишга ҳам эътиборни кучайтиришимиз керак. Хўш, аёл ўқимишли бўлишининг нимаси яхши?

Биринчидан, унда билим бўлади. Оиладаги вазиятни тўғри баҳолаш, дунёга ўз нигоҳлари билан қараш учун билим керак. У тарбиялайдиган фарзандлар, неваралар учун илмли онанинг ўрни жуда муҳим.

Иккинчидан, илмли аёлда ўзига ишонч пайдо бўлади. Тарихдан биламизки, ўзига ишонган не-не аёлларимиз ҳатто эркакларда бўлмаган жасоратларни кўрсата олишган. Ишонч фақат жасорат учун сарфланмайди, инсонда руҳий барқарорликни ҳам келтириб чиқаради.

Учинчидан, аёллар ўртасида суицидлар камаяди. Айтиш керакки, олий маълумотли кишиларда ўз жонига қасд қилиш ҳолати камроқ учрар экан.

Яна бир томондан ўқимишли аёл иқтисодий қарамликка учрамайди. Статистикага кўра, оиладаги ажримларнинг катта қисмига моддий етишмовчилик сабаб бўлмоқда. Демак, бу билан жамиятда ўқиган аёлларнинг кўпайиши ажримлар камайишига ҳам туртки бўлади.

Гулмира Тошниёзова,
журналист

Мавзуга оид