Жаҳон | 15:19 / 18.07.2022
14205
2 дақиқада ўқилади

Хитой Украинадаги урушни қўл қовуштириб кузатиб ўтирмайди - Ван И

Хитой ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Пекин Украинадаги урушда иштирок этмайди, бироқ вазиятни пассив кузатмоқчи ҳам эмас. Унинг салбий таъсири бутун дунёга тарқалди, дея қўшимча қилди Ван И. 

Ван И / Фото: globaltimes

Хитой Украинадаги урушда иштирок этмайди, лекин вазиятни кузатиб, «қўл қовуштириб» ўтирмоқчи эмас. Бу ҳақда ХХР ташқи ишлар вазири, давлат кенгаши аъзоси Ван И венгриялик ҳамкасби Петер Сийярто билан телефон орқали мулоқоти якунлари бўйича маълум қилди. Баёнот матни 17 июль, якшанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди. 

Ван И Украинада содир бўлаётган воқеалар нафақат Европага жиддий таъсир кўрсатганини таъкидлади. Салбий ножўя таъсирлар бутун дунёга тарқалди, деди ТИВ раҳбари. У 7-8 июль кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган «катта йигирматалик» G-20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Хитой глобал озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш бўйича таклифларни илгари сурганини эслатди. 

Хитой дипломатининг қўшимча қилишича, Пекин «Украина инқирози»нинг «ўтига ёғ қуймоқчи эмас». Хитой ТИВ раҳбари мустаҳкам тинчликка эришиш учун барча томонлар мувозанатли, самарали ва барқарор Европа хавфсизлик архитектурасини яратиш масаласини муҳокама қилиши кераклигига ишонч билдирди.

Хитой ТИВ маълумотларига кўра, Питер Сийярто Хитой ҳеч қачон Европага рақиб бўлмагани, балки ҳамкорлик учун имкониятлар очадиган шерик бўлганини билдирган. Венгрия бундан кейин ҳам Европа иттифоқи ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро ҳурмат, адолат ва манфаатлар асосида ривожлантириш тарафдори бўлади, дея Сийяртонинг сўзларини келтирган Хитой томони.

Хитой Украинадаги инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, ушбу муаммони музокаралар йўли билан ҳал этишга эътибор қаратади, деди Ван И 8 июль куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Индонезиядаги учрашувда. Глобал беқарорлик шароитида Хитой ва Россия барқарор ва стратегик жиҳатдан мустаҳкам муносабатларни намойиш этмоқда, дея қўшимча қилди хитойлик дипломат. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид