11:26 / 19.07.2022
16606

«Тошкентда жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда» – ИИББ бошлиғи ўринбосари

2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкентда 10 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 615 таси ички ишлар органлари хизмат олиб борадиган ҳудудларга тўғри келмоқда. Олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан пойтахтда жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда, дейди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муродулла Алиқориев.

Фото: Kun.uz

Айни вақтда давом этаётган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг олтмиш еттинчи сессиясида ИИББ расмийси «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ижроси ҳақида ахборот бермоқда.

Мутасаддининг маълумотларига кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида доимий равишда ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга Тошкент шаҳрида жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда.

«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида жами 10381 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 615 таси кўча ва жамоат жойларида ички ишлар органлари хизмат олиб борадиган ҳудудларга тўғри келади. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кам.

Доимий равишда рейдлар ўтказиб келинаётганлиги ҳам жамоат хавфсизлигини сақлашда ёрдам бермоқда. Тадбирлар давомида 5 436 нафар фуқаро тиланчилик ва 19 749 нафар фуқаро дайдиликда гумон қилиниб, туман ИИБларига топширилди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди», - дейди Муродулла Алиқориев.

Шунингдек, Тошкентда криминоген вазияти оғир, жиноят салмоғи юқори бўлиб, қизил ҳудудга тушган маҳалла кўчалари таҳлили асосида «102» тизимига энг кўп тушадиган хабарлар бўйича жами 195 та «Жамоат назорат масканлари» ташкил этилган.

Пойтахтда ушбу даврда ўтказилган тадбирлар давомида 13 мингдан ортиқ ўткир тиғли ва бошқа жисмлар аниқланган.

«Шу билан бирга, 12 782 нафар шахсларда 13 710 та ўткир тиғли ва бошқа жисмлар аниқланиб, ўрнатилган тартибда ҳужжатлаштирилди, уларнинг 2868 нафарига маъмурий тартибда чора кўрилди, қолган 9914 нафари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди», - дейилади расмий маълумотда.

Top