Жаҳон | 16:40 / 21.07.2022
6375
2 дақиқада ўқилади

Италия президенти бош вазир Марио Драгининг истеъфосини қабул қилди

Италия бош вазири Марио Драги парламентда ҳукмрон коалиция партиялари томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватловга эга бўлмагани учун иккинчи марта истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди.

Фото: Global Look Press

Италия бош вазири Марио Драги 21 июль, пайшанба куни президент Сержио Маттарелла билан учрашди ва унга иккинчи марта ҳукумати билан бирга истеъфога чиқиш нияти ҳақида маълум қилди. Президент бош вазирнинг истеъфосини қабул қилди. «Ҳукумат жорий муаммоларни ҳал қилиш учун ҳокимиятда қолади», дейилади канцелярия баёнотида.

Италия Сенати бир кун аввал Драгига ишонч билдирди, бироқ 74 ёшли сиёсатчи исталган кенг кўламли қўллаб-қувватловни ололмади. Ҳукмрон коалицияга кирувчи уч партия – «Лига», «Беш юлдуз» ҳаракати» ва «Олға Италия» партияларидан 182 нафар парламентарий овоз беришни бойкот қилди. 95 сенатор ҳукумат раҳбарига ишонч билдирди, 38 нафари қарши чиқди. 

Май ойининг ўрталарида Италияда ҳукмрон коалиция партиялари ва вазирлар маҳкамаси ўртасидаги қарама-қаршиликлар туфайли ҳукумат инқирозининг кучайиши бошланди. 14 июль куни «Беш юлдуз» ҳаракати» партияси ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун овоз беришда иштирок этишда бетараф қолди, партия бундан аввал ҳам Италия фуқароларига инфляция ва энергия нархининг ошиши учун молиявий ёрдам кўрсатишни маъқуллаш учун овоз беришдан бош тортган эди. Бош вазир бунга жавобан унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаган миллий бирлик коалицияси энди мавжуд эмаслигини, шунинг учун фаолиятини давом эттириш учун шароит йўқлигини айтди. Ўша куни у истеъфога чиқди, лекин президент унинг илтимосини рад этиб, парламентда ишонч вотуми бўйича овоз беришни таклиф қилди.

Мавзуга оид