Жаҳон | 09:10 / 22.07.2022
19430
4 дақиқада ўқилади

Европол Украинадан ЕИ давлатларига қурол контрабандаси ҳақида хабар берди

Евроиттифоқ полиция хизмати қора бозорда қурол-яроғ савдоси ҳолатлари ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Европол маълумотларига кўра, қуроллар чегарадан украиналик қочқинлар томонидан олиб ўтилмоқда.

Фото: Reuters

Жиноий тармоқлар Украинадан Европа иттифоқи мамлакатларига «катта миқдордаги ўқотар қурол ва ўқ-дорилар» контрабандаси билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Евроиттифоқ полиция хизмати (Европол)нинг ЕИ кенгашига юборилган махфий ҳисоботида айтилади, дея хабар берди Германиянинг SWR оммавий-ҳуқуқий медиакомпанияси. Ҳисоботда Украинадаги уруш оқибатлари ва Евроиттифоқ учун террорчилик таҳдидлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ушбу маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украинадан айрим шахслар ўқотар қуроллар билан чиқиб кетишга урингани бўйича бир қатор ҳолатлардан хабардор. Полиция хизмати Украинанинг ЕИ билан чегарасида контрабанда учун яширин жойлар ташкил этилганини ҳам тахмин қилмоқда. 

Европол маълумотларига кўра, кўп сонли қочқинларни қабул қилган баъзи давлатлар қочқинларнинг баъзилари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қурол олиб юрганидан хавотирда. Полиция, шунингдек, баъзи украиналикларни сотиш ёки товарлар ёки хизматларга алмаштириш учун чегарадан қурол олиб ўтганликда гумон қилмоқда. Хусусан, қуроллар таксида юриш учун «тўлов» сифатида фойдаланилган бўлиши мумкинлигига оид ҳолатлар қайд этилган. 

Европол вакили Ян Оп Ген Оортнинг dpa агентлигига хабар беришича, қора бозорда Украинадан келган ўқотар қуроллар ва бошқа ҳарбий товарлар савдоси ҳоллари кузатилган. Айрим ЕИ давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари оғир қуроллар савдосини ҳам истисно этмаяпти. «У уюшган жиноий гуруҳлар ёки террорчилар қўлига тушиб қолиши хавфи бор», — деди Европол вакили. 

Даркнетда, унинг сўзларига кўра, Британиянинг Javelin олиб юрилувчи зенит-ракета мажмуаси сотувга қўйилган. Шу билан бирга, Европол бундай таклифлар «ғарб қуролларини етказиб беришга салбий муносабатни шакллантириш мақсадида Россия ташвиқотининг бир қисми» бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Европарламентда Сўллар партиясидан бўлган германиялик депутати Ўзлем Демирел Украинага бундесвер томонидан етказиб берилаётган қуроллар ҳам ноқонуний йўллар билан ЕИга кириб келиши ёки қора бозорга тушиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бундестагдаги «Иттифоқ-90/яшиллар» фракцияси раиси ўринбосари Константин фон Ноц контрабанданинг олдини олиш учун қуролдан фойдаланиш устидан самарали назоратни жорий этиш зарур, деган фикрни илгари сурди.

Аввалроқ, ички ишлар бўйича еврокомиссар Илва Йоханссон мафия ва турли жиноий гуруҳлар, худди Югославиядаги ҳарбий можаро пайтида бўлгани каби, Украинадан қурол-яроғ олиш имкониятига эга бўлишидан ЕИ ташвишда экани ҳақида маълум қилганди. Уюшган жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик учун Еврокомиссия Молдова ҳукумати билан биргаликда республика ички хавфсизлиги ва чегараларини бошқариш бўйича қўллаб-қувватлаш марказини ишга туширди. 

«Россиянинг босқинчилик уруши ЕИда ҳам, Молдовада ҳам ички хавфсизликка таҳдидларнинг кучайишига олиб келди. Молдова ўзининг географик жойлашуви туфайли Россиянинг Украинага бостириб киришининг жиноий ва хавфсизлик оқибатларини бошқаришда муҳим роль ўйнаши керак», - дея маълум қилишди Еврокомиссияда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид