16:03 / 28.07.2022
15124

«ПСЖ»га ақл кирди. Клуб трансфер бозорида намунали ишламоқда 

Мавсумлар оралиғида «ПСЖ» трансфер янгиликларида кам тилга олиняпти. Парижликлар Роберт Левандовски ва Орельен Тчуаменига даъвогарлик қилишди, лекин унчалик фаол эмас. Французларни бир қанча таниқли номлар билан боғлашди, аммо бу миш-мишлар даражасида бўлди, кўпинча асоссиз эди. 

Фото: Getty Images

«ПСЖ»нинг ақли кирди ва мувозанатли трансфер сиёсатини олиб бормоқда. Гап шунчаки молиявий фэйр-плейда эмас. Парижда ҳаммани кетма-кет сотиб олавериш шарт эмаслигини тушунишди. Янги бош мураббий Кристоф Галтье ҳозирги таркибдан жуда мамнун ва кўпроқ юлдуз олишни талаб қилмаяпти. Шу томондан жамоани Зинедин Зидан қўлга олмагани ҳам фойда берди. Акс ҳолда, катта эҳтимол билан, яна бир оммавий харидлар жараёнига гувоҳ бўлардик. 

«ПСЖ» асосий мақсадини амалга оширди – Килиан Мбаппени олиб қолди 

Май ойи охирида ҳужумчи Килиан Мбаппе «Реал»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга қарамай, «ПСЖ» билан шартномасини 2025 йилгача узайтирди. Бунга кўпчилик ишонмаганди. Ла Лига хўжайинлари трансфернинг барбод бўлишидан ҳалигача ўзига келолмай, молиявий қоидаларни бузгани учун «ПСЖ» устидан УЕФАга шикоят қилмоқда. 

«ПСЖ» бу шов-шувларга бефарқ. Асосий мақсадга эришилди. Дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири Парижда қолмоқда. 23 ёшли Килиан ойига 4 миллион фунт маош олади, бу эса уни дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантиради. Sky Sports хабарига кўра, шартномани имзолаш учун унга 100 миллион фунт бонус берилган. 

Фото: Getty Images

Балки Килиан «Реал»га нисбатан тўғри иш қилмагандир, лекин бу «ПСЖ»ни ташвишга солмаслиги керак. Клуб ёш суперюлдузни сақлаб қолишдан манфаатдор эди. Унга кўп пул сарфланди, аммо юқори савиядаги футболчи бундай сармоя киритилишига арзийди. 

Витинья, Экитике, Мукиэле – нисбатан камтарона ва оқилона трансферлар 

1 июл куни «ПСЖ» ўзининг илк трансферини, «Порту» яримҳимоячиси Витинья билан 2027 йилгача шартнома имзолаганини эълон қилди. 22 ёшли футболчи учун парижликлар 40 миллион евро тўлади. Ўтган мавсумда португалиялик футболчи «Порту» сафида барча мусобақаларда 47 ўйинда майдонга тушиб, 4 гол урди ва 2 голли узатмани амалга оширди. Балки «ПСЖ» бироз ортиқча тўлагандир. Лекин жуда кўп эмас, истиқболли футболчи учун 40 миллион евро – яхши нарх.

Фото: Getty Images

16 июл куни «Реймс» тўпурари Уго Экитике трансфери эълон қилинди. Ҳужумчи парижликлар сафига ижара асосида келиб қўшилди. Шартнома бир йилга мўлжалланган ва футболчини тўлиқ сотиб олиш имкониятини назарда тутади. Ўтган мавсумда Экитике Лига 1 мусобақасида 24 ўйинда 10 та гол урган. 

Goal France журналисти Марк Мешенуа хабарига кўра, парижликлар 20 ёшли ҳужумчининг ижарасини молиявий фэйр-плейга мослашиш учун расмийлаштиришган. «Реймс» Экитике учун кафолатланган тўловлар сифатида 28,5 миллион евро олади. Яна 6,5 миллион евро бонуслар шаклида тақдим этилади. «ПСЖ» бу мавсумда қийматнинг бир қисмини тўлайди. Клуб фэйр-плей ҳақида ўйлай бошлагани яхши белги. Олдинги йилларга нисбатан тараққиёт. 

Шунингдек, 26 июл куни «Лейпциг»нинг франциялик ҳимоячиси Норди Мукиэле трансфери тасдиқланди. 24 ёшли футболчи билан 2027 йилгача шартнома тузилган. Трансфер қиймати 10 миллион евродан сал кўпроқни ташкил қилади. Ўтган мавсумда Мукиэле Бундеслигада 28 ўйин ўтказиб, 3 та голли узатмани амалга оширган. Ҳимоя чизиғи кучайтирилмоқда, арзон ва сифатли трансфер. 

Фото: Getty Images

24 ёшли португалиялик яримҳимоячи Ренату Саншеш ҳам яқин вақт ичида жамоага ўтиши кутилмоқда. Футболчи клуб билан йилига 5 миллион евро маошни кўзда тутувчи шартномани келишиб олган. Энди «Лилль»ни рози қилиш керак. «ПСЖ» трансфер учун 20-30 миллион евро тўлаши мумкин. 

«Ницца» яримҳимоячиси Кефрен Тюрам ҳам «ПСЖ»га ўтиши мумкин. Кристоф Галтье у билан аввалги клубида бирга ишлаган. Эҳтимол шу билан бошқа трансферлар бўлмайди. «ПСЖ» ҳатто миш-мишлар даражасида ҳам катта номларга қизиқмаяпти. Парижликлар, аксинча, бундай футболчиларни олишни истамаяпти. 

«ПСЖ» Роналду, Гризманн, Шкриньяр ва Скамакка трансферидан оқилона воз кечди 

Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед») ва Антуан Гризманн («Атлетико») хизматлари «ПСЖ»га таклиф этилди. Аммо бу вариантлардан дарҳол воз кечилди. Улар пулни совурмасликка қарор қилишди, гарчи олдин юлдузлар масаласида бунга йўл қўйишган бўлса-да. 

Ҳимоячи Милан Шкриньяр «Интер»да қоладиган бўлди. L’Equipe хабарига кўра, «ПСЖ» италияликлар талаб қилаётган 70 миллион еврони тўлашга рози бўлмади. Футболчининг шартномаси 2023 йил ёзида тугашини ҳисобга олсак, «Интер»нинг талаби жуда юқори эди. 

Фото: Getty Images

«Сассуоло» ҳужумчиси Жанлука Скамакка бонуслар билан бирга 42-43 миллион евро эвазига «Вест Ҳэм»га ўтди. «ПСЖ» А Сериянинг 36 та ўйинида 16 та гол урган 23 ёшли футболчига қизиқиш билдирганди. Аммо унинг трансфери учун 30 миллион евродан кўпроқ тўлашни истамади. 

«ПСЖ» ҳам «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскига қизиқиш билдирди, аммо юқори даражада эмас. Футболчи «Барселона»га ўтмоқчи эди, шунинг учун парижликлар курашга жиддий қўшилмади. Худди шу амалиёт «Реал»га ўтган «Монако» ҳимоячиси Орельен Тчуаменига нисбатан ҳам қўлланди. «ПСЖ» ўз қизиқиши билан футболчининг нархини кўтарди, аммо трансфер учун курашмади. «Реал» Тчуамени учун 80 миллион евро тўлади. «ПСЖ» раҳбарияти ҳар иккала ҳолатда оқилона йўл тутди. 

Клубга ўтиш иштиёқи йўқ футболчиларга кўп пул сарфлаш ярамайди. Акс ҳолда, кейинчалик улардан қандай қутулиш ҳақида ўйлашга тўғри келади. «ПСЖ» буни энди англаб етди. 

«ПСЖ» таркибни тозаламоқчи 

«ПСЖ» ёзда 11 нафар футболчисини сотишга тайёр. Парижликларнинг трансферлари билан шуғулланувчи Антеро Энрике ва Луиш Кампуш кетиши керак бўлган футболчилар рўйхатини тузиб чиқди. Le Parisien хабарига кўра, ундан ҳимоячилар Лейвин Курзава, Абду Диалло, Тило Керер, яримҳимоячилар Леандро Паредес, Данило Перейра, Идрисса Гуйе, Андер Эррера, Жоржиньо Вейналдум, Эрик Эбимбе ва Юлиан Дракслер, шунингдек, ҳужумчи Мауро Икарди жой олган. Клуб улар учун жами 282 миллион евро сарфлаганди. Сотувдан шунча миқдорда пул олиш имконсиз, аммо харажатларни қисман қоплаш мумкин. 

Рўйхатга ҳужумчи Неймар ва ҳимоячи Преснел Кимпембе киритилмаган. Аммо бу улар таркибда қолади дегани эмас. Футболчиларнинг келажаги бир қанча омилларга боғлиқ. Неймар ҳақиқатан ҳам июн ойи охирида кетмоқчи эди, бироқ Галтье билан гаплашгач, фикрини ўзгартирди. Улар тактика, майдондаги позиция ва ўзгарувчан роллар ҳақида гапиришди. Қайд этилишича, бу суҳбатлар Неймарни илҳомлантирган. 

Фото: Getty Images

Неймар, эҳтимол, яримҳимоячи ва алдамчи «тўққизлик» сифатида Лионел Месси ўрнида навбати билан ўйнайди. Бразилиялик футболчи кўпроқ ҳужумкор ролга эга бўлади, лекин у рақиб чизиқлари орасидаги бўшлиқдан фойдаланиш учун чуқурроқ бориши керак. Бразилиялик футболчи «ПСЖ»га таътил муддатидан бир ҳафта олдин қайтди ва машғулотларда чекловларсиз қатнашмоқда. Маурисио Почеттино ишдан бўшатилиб, Галтье келганидан кейин Неймар ўзининг «ПСЖ»га кераклигини ҳис қилмоқда. Буни янги мураббий ҳам тасдиқлаяпти. 

«Неймар бахтиёр, у машғулотларда яхши ишламоқда. Трансфер ойнаси вақтида нима бўлишини билмайман, бу масалани у билан яккама-якка муҳокама қилмаганман. Лекин у одамларнинг гапига аҳамият бермаса керак. У машғулотлардан завқ олмоқда», деди Галтье. 

Кимпембе учун клуб 50 + 10 миллион евро олишни хоҳлайди, «Челси» 20 миллион камроқ бермоқчи. Аммо ҳимоячи кетишни истамаяпти. 

«Ювентус» Леандро Паредес бўйича таклиф билан чиққан. Туринликлар бир йиллик ижара учун 15 миллион евро, шунингдек, бонусларни тўлашга тайёр. «ПСЖ» камида 20 миллион евро олишни ёки футболчини камида 35 миллион еврога тўлиқ сотишни истаяпти. «Манчестер Юнайтед» ҳам бундай таклиф ҳақида ўйламоқда. 

Жоржиньо Вейналдум «Рома»нинг қизиқиш доирасига кирган. Францияликлар 31 ёшли яримҳимоячи учун 10 миллион евро талаб қилмоқда. Аммо унинг тахминан 7 миллион евролик маоши ҳам бор. «Рома» уни бир йиллик ижарага олиб, маошининг ярмини тўламоқчи. Яримҳимоячи ўтган мавсумда «ПСЖ» сафида 38 ўйинда майдонга тушиб, 3 гол урди ва 3 голли узатмани амалга оширди. Get French Football News сўровномасида у Франция чемпионатининг энг муваффақиятсиз футболчиси деб топилди. Вейналдум жамоага мослаша олмади, «ПСЖ» у билан бажонидил хайрлашади. 

Мауро Икарди эса Галтье режаларига киритилмаган. Бироқ у кетишни истамаяпти, чунки шартнома бўйича 2024 йилгача ҳисобланган маош уни қониқтирмоқда. «Рома» Икардига қизиқиш билдирмоқда. Аммо Мауронинг ўзи Жозе Моуриньо билан ишлашни истамаяпти, ҳатто Парижда захира ўриндиғида ўтиришни афзал кўряпти. 

Фото: Getty Images

Яна бир вариант – «Монца». А Сериянинг янги аъзоси Сильвио Берлусконига тегишли. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, Икардининг рафиқаси ва агенти Ванда Нарага аллақачон ўзининг теледастурини олиб бориш таклифи тушган. Бу Мауронинг позициясига таъсир қилиши мумкин. 

Курзава, Диалло, Керер, Перейра, Гуйе, Эбимбе – катта эҳтимол билан Галтье жамоасида майдонга тушмайди. Уларни қаергадир ишга жойлаштиришга тўғри келади, бу ижрочилар учун кўп пул олиш даргумон. Андер Эррера ва Юлиан Дракслер бир вақтлар умидли яримҳимоячилар эди. Парижда ҳам уларга жой йўқ. Албатта рўйхатдагиларнинг ҳаммасини сотиш имконсиз. Шу туфайли кимдир асосий ўйинчиларга ўринбосар сифатида захирада ўтиради. 

Кристоф Галтьенинг ихтиёрида иккита тўлиқ таркиб бор 

Le Parisien хабарига кўра, фақат дарвозабон Жанлуижи Доннарумма, ҳимоячилар Ашраф Ҳакими ва Маркиньос, яримҳимоячи Марко Верратти, ҳужумчилар Лионел Месси ва Килиан Мбаппе учун Галтье жамоаси асосий таркибидан ўрин кафолатланган. 

Галтье жамоанинг тактик схемасини 3-4-1-2 қилиб ўзгартирди ва Мессига янги позиция топди. Японияга мавсумолди сафари давомида Преснел Кимпембе, Маркиньос ва Серхио Рамос марказий ҳимоячилар учлигидан жой олди. Латерал позициясини Нуну Мендеш эгаллади, унга Хуан Бернат ва Ҳакими ёрдам бериб турди. Майдон марказида Идрисса Гуйе ва Витинья ўйнади, уларнинг ўрнига Марко Верратти ва Леандро Паредес туширилди. Ҳужумчилар жуфтлигини Мбаппе ва Неймар ташкил этди. Месси улардан орқароқда, ҳужум ва яримҳимояни боғловчи «ўнлик» нуқтасида ўйнади. 

«ПСЖ» ҳозирда деярли тенг кучли иккита ажойиб таркибга эга. Жамоа янги футболчиларни фаол равишда сотиб олиши мумкин эди, лекин мақсадли кучайиш билан чекланмоқда ва ортиқча футболчиларни сотишга уринмоқда. Ўтмишдаги бемаъни харажатлардан кейин «ПСЖ» оқилона стратегияни амалга оширяпти. Ҳозирда клубнинг трансфер бозоридаги иши намунали бўлиб турибди.

Top