Жаҳон | 08:17 / 30.07.2022
10465
4 дақиқада ўқилади

АЭХА раҳбари: Запорожье АЭСдаги вазият ўта беқарор

АЭХА бош директори Рафаэль Гросси рус қўшинларининг станция ходимларига қандай муносабатда бўлаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда. У БМТ бош котиби билан ЗАЭСга миссия ташкил этиш ҳақида гаплашади.

Рафаэль Гросси / Фото: Reuters

Россия ҳарбийларининг Запорожье АЭС (ЗАЭС)да бўлиши давом этиши ва уларнинг станцияга техник хизмат кўрсатувчи ходимларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлаётгани ҳақидаги шикоятлар ўта беқарор вазиятга олиб келмоқда, деди Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэль Гросси 29 июль, жума куни DW нашрига берган интервьюсида. 

АЭХА раҳбарининг сўзларига кўра, жанговар ҳаракатлар пайтида Европадаги энг йирик АЭСнинг эгаллаб олиниши ва хизмат ходимларининг ўзига нисбатан зўравонлик қўллангани ҳақидаги кейинги хабарлари - «барча хавфсизлик қоидаларини бузиш йиғиндисидир». Россия қўшинлари станцияни март ойи бошида эгаллаб олган ва ўшандан бери АЭСга вазият барқарорлигига ишонч ҳосил қиладиган бирорта ҳам халқаро кузатув гуруҳи бормади. Қўлга олиш чоғида Россия армияси станцияни артиллериядан ўққа тутди, кейинроқ Украина президенти Володимир Зеленский бунга алоҳида эътибор қаратди. Бу фактларнинг барчаси АЭСдаги вазият «беқарор» эканидан далолат беради, деб ҳисоблайди агентлик директори. 

Гросси нафақат ходимларга ёмон муносабатда бўлиш, балки рус қўшинлари станцияга ўрнатган портловчи моддалар ҳақидаги хабарларни текшириш учун ЗАЭСга АЭХА миссиясини ташкил этишга ҳаракат қилди. Шунга ўхшаш хабарлар Чернобил АЭС рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинган пайтда ҳам тарқалди ва оккупацион қўшинлар станциядан чекинганда тасдиқланди. 

Бироқ, Россиянинг ЗАЭСга «муайян шароитларда» ташриф буюришга рухсат берганига қарамай, АЭХА директори ҳозирги шароитда бундай сафарни ташкил этиш қийин деб ҳисоблайди. Сабаби, станция ўққа тутилиши давом этаётган уруш зонасида жойлашган бўлиб, миссия нафақат БМТ, балки Украина томонидан ҳам назорат қилиниши керак, чунки Гросси мамлакатни «АЭСнинг ягона қонуний эгаси» деб билади. 

Шунга қарамай, АЭХА раҳбари миссиянинг станция ҳудудига тезкор сафари амалга ошишини хоҳламоқда ва бу борада БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан музокаралар олиб боради. 

Гроссининг фикрича, РФ томонидан Украинада бошланган уруш ва Россиядан Европа иттифоқига газ етказиб беришдаги чекловлар одамларни атом энергетикасига кўпроқ эътибор қаратишга мажбур қилди - агар илгари у анъанавий ёнилғига «яшил» муқобил деб ҳисоблаган бўлса, энди Россия ҳаракатлари мамлакатларнинг энергетик мустақиллигини долзарб масалага айлантирди.

Мисол тариқасида, Гросси Германияни келтирди, у ерда расмийлар 2022 йил охиригача мамлакатдаги сўнгги учта АЭСни ўчириб қўймоқчи эди, лекин Украинадаги уруш ва Россия гази билан боғлиқ муаммолар фонида, «кўпчилик қолган ядровий инфратузилмадан фойдаланишни нега давом эттириш керак эмаслигини» сўраган.

Гроссининг фикрича, яқин келажакда кўпроқ давлатлар шу каби саволларни бера бошлайди. Бундан ташқари, АЭС атмосферани карбонат ангидрид билан ифлослантириш муаммосини ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин, чунки станциялар ишлаганда у деярли чиқарилмайди. 

«Атом энергетикаси саноати - бу ҳар бир сўнгги грамм чиқинди қаерга тушиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўладиган саноатдир. Бу - назорат ва бошқарувни ўрнатиш мумкин бўлган саноат», дейди Гросси. 

Бундан ташқари, АЭХА раҳбари ядровий чиқиндиларнинг сизиб чиқиши ва анъанавий энергетикада қўлланиладиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш табиатга қандай таъсир кўрсатиши билан боғлиқ масалаларни солиштириб бўлмайди деб ҳисоблайди. 

Шунга қарамай, Германия ҳукумати 2022 йил бошида унинг ишлаб чиқарилиши атроф-муҳит учун хавфли бўлган жиддий авариялар хавфи билан боғлиқ деб ҳисоблаб, ядро энергиясини «яшил» деб тан олишдан бош тортди. Бунинг ўрнига, Германия ҳукумати табиий газни яшил энергия йўлидаги оралиқ технология деб ҳисоблайди. 

Мавзуга оид