12:07 / 30.07.2022
10901

Қандай ҳолатда «загранпаспорт» учун давлат божи тўланмаслиги маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Қандай ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспорт берилганлиги учун давлат божи тўланмаслиги маълум бўлди. “Давлат хизматлари янгиликлари” канали тегишли хабар билан чиқди.

«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, қуйидаги ҳолларда хорижга чиқиш биометрик паспорти берилгани учун давлат божини тўлашдан озод қилинади:

  • яқин қариндошлари вафот этган ёки улар дафн этилган жойларни зиёрат қилганда;
  • фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга (битимларга) биноан улар хориж судларига фуқаролик ва жиноят ишлари юзасидан тарафлар, гувоҳлар ва экспертлар сифатида чақирилган тақдирда;
  • вояга етмаган шахсга, шунингдек унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилганда ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганда;
  • вояга етмаган шахс илм-фан, таълим, спорт ёки маданият соҳаларидан биридаги халқаро тадбирда ёки мусобақада иштирок этганда;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган шахсга, унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилганда ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганда;
  • биометрик паспорт Ўзбекистон ёки чет давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги натижасида жабрланган жисмоний шахслар томонидан йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан хорижга хизмат сафарига юбориладиган фуқароларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар учун давлат божи белгиланган тартибда ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тўланади.

Top