Жаҳон | 10:40 / 01.08.2022
7580
3 дақиқада ўқилади

Хитой Пелосининг турнеси фонида суверенитетни қатъий ҳимоя қилишга ваъда берди

Пекин «Хитой миллий суверенитетини қатъий ҳимоя қилади», дея маълум қилди ХХОА Тайван қирғоқлари яқинидаги манёврлар туфайли. Нэнси Пелосининг матбуот хизмати турне маршрутини эълон қилди, баёнотда Тайван тилга олинмаган.

Фото: dpa

Пекин «Хитой миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилади», дея маълум қилди 31 июль, якшанба куни Хитой Халқ-озодлик армияси (ХХОА) ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Шэнь Цзинькэ ҲҲКнинг Тайванга парвозларига изоҳ бериб. Шэнь Цзинькэ сўзларига кўра, «она ватаннинг қимматбаҳо ороли» атрофида кўплаб турдаги самолётлар учяпти.

Хитой авиация манёврлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери, Америка раҳбариятидаги ҳокимият иерархиясида президент ва вице-президентдан кейин учинчи шахс бўлган Нэнси Пелосининг Ҳинд-Тинч океани минтақасига сафари фонида амалга оширилмоқда. Аввалроқ ОАВда Пелоси Тайванга ташриф буюриши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Айни пайтда, Америка парламенти қуйи палатаси спикери матбуот хизмати 31 июль куни баёнот бериб, унда АҚШ Конгресси делегацияси Сингапур, Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга ташриф буюришини таъкидлади. Тайван рўйхатга киритилмаган. «Сафарда минтақадаги ўзаро хавфсизлик, иқтисодий шериклик ва демократик бошқарув масалалари муҳокама қилинади», дея тушунтирди Пелосининг вакиллари.

Самолёт Ҳавайига ёнилғи қуйиш учун қўнгач, делегация АҚШнинг Ҳиндистон-Тинч океани минтақасидаги қуролли кучлари қўмондонлиги (USINDOPACOM) раҳбарияти брифингини тинглади, шунингдек, Перл-Ҳарбор мемориали ва USS Arizona жанговар кемасига ташриф буюрди. 

Аввалроқ, 30 июль куни Xinhua агентлиги ХХОА қўшинлари Тайвандан бўғоз орқали ажратилган Пинтань ороли (Фуцзянь провинцияси) яқинида ўқ отиш машқларини ўтказаётгани ҳақида хабар берган эди. Кемаларнинг белгиланган ҳудудга кириши тақиқланди. 

АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раиси Си Цзиньпин 28 июль куни 3 соат давомида телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатнинг ғайриоддий тарзда узоқ давом этишига қарамай, савдо, технологик ҳамкорлик ва икки томонлама муносабатлардаги асосий салбий омилларни бартараф этиш бўйича ҳеч қандай муваффақиятга эришилмади, деб ёзади AP агентлиги. 

23 май куни Байден агар Хитой қуролли тажовуз қилса, Тайванга ҳарбий ёрдам беришга ваъда берган эди. «Биз шундай масъулиятни ўз зиммамизга оламиз», деди Оқ уй раҳбари Токиода Япония бош вазири Фумио Кисида билан учрашув чоғида журналистнинг саволига жавоб берар экан. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид