Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ бош котиби дунёни ядро қуролини йўқ қилишга чақирди
Инсоният Хиросима ва Нагасакига қилинган ҳужумлардан олинган сабоқларни унутиш хавфи остида турибди, дея маълум қилди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.
Ядро қуролидан фойдаланиш хавфи совуқ уруш даврида кузатилган даражага етди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 1 август, душанба куни Нью-Йоркда Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ)га аъзо давлатлар конференцияси очилишида айтиб ўтди. У дунёда ядро қуролини бутунлай йўқ қилишга чақирди.
«Хавфни камайтириш етарли эмас. Ядро қуролларини йўқ қилиш - улардан фойдаланилмаслигининг ягона кафолати. Биз бу мақсад йўлида тинмай ҳаракат қилишимиз керак», - деди Гутерриш. БМТ бош котибининг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамияти ҳозиргача «ақл бовар қилмайдиган даражада омадли» бўлиб турибди, аммо «битта тушунмовчилик, битта нотўғри ҳисоблаш» дунёни ядро қуроли орқали йўқ қилиб юборишдан ажратиб туради.
«Инсоният Хиросима ва Нагасакига қилинган ҳужумлардан олинган сабоқларни унутиш хавфи остида турибди. Геосиёсий таранглик янги чўққиларга чиқди» деди у ва Россиянинг Украинага қарши уруши, Яқин Шарқ ва Корея яриморолидаги можароларга ишора қилди.
Душанба куни АҚШ, Буюк Британия ва Франция ТИВ раҳбарлари ЯҚТШга содиқликларини билдирди ва Россияни ядровий урушнинг олдини олиш учун «хавфли ядровий риторика»дан фойдаланишни бас қилишга чақирди.
«Биз Россияни ўзининг масъулиятсиз ва хавфли ядровий риторикаси ҳамда хатти-ҳаракатларини тўхтатишга, халқаро мажбуриятларини бажаришга ҳамда етакчиларнинг ядро уруши ва қуролланиш пойгасининг олдини олиш бўйича сўнгги баёнотида баён этилган тамойилларни сўз ва амалда яна бир бор тасдиқлашга чақирамиз», - дейилади уч давлатнинг ташқи сиёсат идораси қўшма баёнотида.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Москванинг Украинага қарши агрессив урушини ва Кремлнинг хавфли баёнотларини кескин қоралади. Россия 50 йилдан ортиқ вақт давомида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасида эришилган барча ютуқларни хавф остига қўймоқда, деди Бербок. «Агар бугун биз ядровий қуролсизланиш байроғини туширсак, шартноманинг ўзи ва унинг ортида турган ҳамма нарса йўқ бўлиб кетади», дея таъкидлади Бербок.
Мавзуга оид
23:16 / 18.05.2026
АҚШ Эроннинг келишув бўйича янги таклифини «етарли эмас» деб ҳисоблади
20:18 / 11.05.2026
Ким Чен Ин ўзи ўлдирилган тақдирда, ядровий зарба билан қасос олишни буюрди
19:36 / 21.04.2026
БМТ бош котиблигига 4 номзод: улар ким ва қандай сайланади?
19:56 / 10.04.2026