Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Евроиттифоқ Украинага янги макромолиявий ёрдам тақдим этишни бошлади
Еврокомиссия Украинага умумий қиймати 1 млрд евро бўлган макромолиявий ёрдамнинг биринчи траншини юборди, иккинчиси 2 август куни кутилмоқда. Киев УМБ ҳисобига 500 миллион евро тушганини тасдиқлади.
Еврокомиссия (ЕК) 1 август, душанба куни Украинага макромолиявий ёрдам сифатида 500 млн евро юборди, деб хабар беради ЕК сайти. Бу пакетнинг биринчи ярми бўлиб, унинг умумий миқдори 1 млрд еврони ташкил этади. Иккинчи транш 2 август куни юборилади.
Янги макромолиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор Европарламент ва ЕИ кенгаши томонидан 2022 йил 12 июлда қабул қилинган. У 2022 йил 18 майдаги ЕК хабарида эълон қилинган ва 2022 йил 23-24 июнь кунлари Европа кенгаши томонидан тасдиқланган 9 млрд еврогача бўлган фавқулодда макромолиявий ёрдам пакетининг биринчи қисмидир.
Янги ёрдам ЕИ томонидан йилнинг биринчи ярмида Украинага тақдим этилган ёрдамга, шу жумладан 1,2 млрд евролик фавқулодда кредитга қўшилади. Шу тариқа, уруш бошланганидан бери Украинага берилган макромолиявий ёрдамнинг умумий миқдори 2,2 млрд еврога етади.
Маблағлар Украинага имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар кўринишида тақдим этилади. Улар Украинага «Россиянинг асоссиз тажовузидан сўнг шошилинч молиявий эҳтиёжларини қондиришга» ёрдам бериш учун мўлжалланган, дейилади хабарда.
Украина бош вазири Денис Шмигал ЕИдан янги макромолиявий ёрдамнинг биринчи транши олинганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Миллий банк ҳисобига 500 миллион евро тушган, иккинчи транш эса 2 август куни келиши кутилмоқда.
«1 млрд евро - Украинага урушнинг молиявий оқибатларини бартараф этишда жами 9 млрд евролик катта ёрдам пакети бир қисми. Маблағлар устувор бюджет эҳтиёжларини молиялаштиришга ёрдам беради», деб ёзди Шмигал Telegram’да. У ЕИга ушбу ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, уни «умумий иқтисодий-молиявий барқарорлик ва хавфсиз келажакка қўйилган муҳим сармоя» деб атади.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
20:34 / 19.06.2026
Капотнядаги заводга Россия ракетаси тушгани маълум қилинди
18:17 / 19.06.2026
Соловёв дронлар ҳужумини тасвирга олганларни қамашни талаб қилди
08:58 / 19.06.2026