Жаҳон | 12:36 / 03.08.2022
3675
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Германияда яшил иситиш тизимини ривожлантириш режасини тасдиқлади

Германия ҳукуматининг 3 млрд евролик режаси, Еврокомиссия хабарига кўра, марказлаштирилган иситишда қазилма ёқилғи ўрнига қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат.

Фото: Geisler Fotopress

Еврокомиссия (ЕК) 2 август, сешанба куни Германия ҳукуматининг қайта тикланадиган энергия манбалари (ТЭМ) ва ишлатилган иссиқликдан фойдаланган ҳолда марказлаштирилган иситиш дастурларини қўллаб-қувватлаш учун деярли 3 млрд евролик режасини тасдиқлади. У Германия ва Европа иттифоқига иқлим ўзгаришига қарши курашда ўз мақсадларига эришиш бўйича ёрдам бериши кутилмоқда. Бу ҳақда ЕК сайтидаги пресс-релизда маълум қилинди

2,98 млрд евролик режа давлат субсидияларини тақдим этиш орқали яшил энергетика ривожланишини рағбатлантиради. Ушбу ёрдам 2028 йилгача камида 75 фоиз ТЭМ ва ишлатилган иссиқлик ҳисобига ишлайдиган янги марказлаштирилган иссиқлик тармоқлари ёки мавжуд тармоқларни декарбонизация лойиҳаларига кўрсатилади. 

Режа Евроиттифоқ қоидаларига мувофиқ бўлиб, унда давлат ёрдами «зарур ва ўринли» бўлиши талаб қилинади, чунки усиз янги марказлаштирилган иссиқлик таъминоти объектларида ифлослантирувчи ёқилғи турларидан фойдаланилиши мумкин ёки юқори инвестицион харажатлар ва паст даромад туфайли бундай инвестициялар амалга оширилмайди.

«Ушбу чора туфайли Германия қайта тикланадиган энергия ва ишлатилган иссиқликнинг иситиш тизимидаги улушини ошириши мумкин бўлади, шу орқали унинг чиқариб ташланиши кўрсаткичларини сезиларли даражада камайтиради», дея маълум қилган рақобат бўйича еврокомиссар Маргрете Вестагер пресс-релизда. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид