16:42 / 04.08.2022
11589

AI: УҚК ҳарбий техникани аҳоли яшайдиган туманларда жойлаштирмоқда

УҚК аҳоли яшайдиган туманларда, жумладан мактаблар ва касалхоналарда ҳарбий базаларни жойлаштирмоқда, дея маълум қилди Amnesty International. Ташкилот бу РФга фуқаролик объектларига зарба бериш ҳуқуқини тақдим этмаслигини таъкидлади.

Фото: Picture Alliance

Украина қуролли кучлари аҳоли яшайдиган туманларда ҳарбий базалар ташкил қилмоқда ва ҳарбий техникани жойлаштирмоқда, бу эса тинч аҳолига хавф туғдиради. Бу ҳақда Amnesty International (AI) инсон ҳуқуқлари ташкилоти 4 август, пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида айтилади. Ташкилот пресс-релизида таъкидланишича, бундай тактика халқаро гуманитар ҳуқуқни бузади - бироқ у Россия қўшинлари томонидан пала-партиш, шу жумладан фуқаролик объектларига зарбалар берилишини оқламайди. 

Апрель-июнь ойларида AI экспертлари РФ ҚКнинг Харкив, Донецк ва Миколаив областларида шаҳар ва қишлоқларни ўққа тутганини бир неча ҳафта давомида текширишди. Маҳаллий аҳоли кўрсатмалари ва сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили шуни кўрсатдики, УҚК кўрсатилган давр мобайнида камида 19 та аҳоли пунктининг турар жойларида жойлашган бўлиб, улардан Россия позицияларига ўқ узган ва шу тариқа маҳаллий аҳолини хавф остига қўйган. Шу билан бирга, экспертлар украиналик ҳарбий хизматчилар тинч аҳолидан ушбу ҳудудларни тарк этишни сўрагани ёки бундай эвакуацияда уларга ёрдам бергани бўйича ҳеч қандай далилга эга бўлмаган. 

Amnesty International ходимлари бешта жойдаги касалхонада УҚК базалари ташкил этилганини ҳужжатлаштириб олди. Бундан ташқари, улар ташриф буюрган 29 та мактабдан 22 тасида украиналик аскарларнинг борлиги қайд этилган. Хусусан, гап бу объектларда ҳарбий техника жойлаштирилгани ҳақида кетмоқда. Бахмутда Украина қўшинлари маҳаллий университет биносидан база сифатида фойдаланган, ундан энг яқин турар жой бинолари атиги 50 метр нарида жойлашган. 21 май куни РФ ҚК унга ҳужум қилиб, Украина томонига кўра, етти нафар аскарни ўлдирган.

Шу билан бирга, бошқа кўплаб ҳолатларда AI экспертлари турар жой ҳудудлари ва Россия қўшинлари ракета-артиллерия зарбалари берган объектларда УҚК мавжудлигининг аломатларини топмади. Жумладан, бундай зарбалар Харкивдаги ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан қайд этилган, халқаро қоидалар билан тақиқланган кассетали ўқ-дорилар ёрдамида амалга оширилган. Баъзи ҳолларда РФ ҚК етарли даражада аниқ бўлмаган қуроллар билан зарба берган, бошқасида эса унинг аниқлиги тинч аҳолига беихтиёр зарба беришнинг олдини олиш учун етарли бўлган. 

Amnesty International можаронинг ҳар икки томонини жанговар ҳаракатлар пайтида тинч аҳоли ҳалок бўлмаслиги ёки жароҳатланмаслиги учун ҳамма нарсани қилишга чақирди. Хусусан, «Украина ҳукумати зудлик билан ўз қуролли кучларини турар жойлардан узоқроққа жойлаштираётгани ёки у ерда ҳарбий амалиётлар ўтказилса, бундай ҳудудлар аҳолиси эвакуация қилинишига ишонч ҳосил қилиши керак», деди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бош котиби Аньес Каламар. 

Пресс-релизда айтилишича, AI 29 июль куни ўз хулосаларини Украина Мудофаа вазирлигига етказган, бироқ ҳозирча идорадан жавоб олмаган. 

Top